08.07.2024 08:30
Буркина-Фасо, Мали ва Нигер конфедерацияга бирлашади
6 июль, шанба куни кечқурун Ғарбий Африканинг учта давлати – Буркина-Фасо, Мали ва Нигер ҳукумати Саҳел давлатлари иттифоқи конфедерациясини тузиш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Agence France-Presse ушбу давлатлар раҳбарлари баёнотига таяниб хабар берди.
Имзолаш маросими Нигер пойтахти Ниамей шаҳрида бўлиб ўтган Саҳел давлатлари иттифоқининг биринчи саммити якунлари бўйича бўлиб ўтди, унда уч давлат раҳбарлари иштирок этди.
Ҳужжатга кўра, мазкур давлатлар ягона инвестиция банки ва барқарорлаштириш жамғармасини тузади, дипломатик саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиради, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳалар учун ресурсларни бирлаштиради.
Шуни таъкидлаш жоизки, бу мамлакатларнинг барчасида ҳокимият давлат тўнтаришини амалга оширган ҳарбий хунталар қўлида.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 28 январда Буркина-Фасо, Мали ва Нигер Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятини (ECОWАS) “хорижий кучлар таъсирида” айблаб, зудлик билан тарк этишга қарор қилганди.