14.12.2023 16:58

Британия тайёргарлигидан ўтган афғон элита “спецнази” аскарлари ватанларига депортация қилиниши мумкин

Британия инструкторлари томонидан тайёрланган ва ҳозирда Покистонда бошпана олаётган CF333 афғон элита махсус кучлари аъзолари Лондон Буюк Британияга киришга рухсат бермагани сабабли Афғонистонга депортация қилиниши мумкин. Бу ҳақда ТАСС BBC`га таяниб хабар қилди.

Буюк Британиянинг ушбу “спецназчи”ларни қабул қилишдан бош тортиши “шармандалик, [Британиянинг] миллат сифатида иккиюзламачилиги ёки лаёқатсизлигининг аксидир”, деди Афғонистонда 12 йил хизмат қилган Буюк Британия Бирлашган кучларининг собиқ қўмондони Ричард Бэрронс. "Бу хиёнат ва ушбу хиёнатнинг бадали биз билан бирга хизмат қилган, ўладиган ёки умрини қамоқда ўтказадиган одамлар бўлади", - деди Бэрронс.

2021 йилда собиқ бош вазир Борис Жонсон Британия парламентида ушбу афғон махсус кучларининг хизмати “ақл бовар қилмайдиган даражада муҳим” эканини айтиб, Буюк Британия “уларнинг хавфсиз чиқиб кетишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришини” таъкидлаганди.

Покистонда 1 ноябрдан буён визасиз ва ҳужжатсиз хорижликларни ватанларига чиқариб юбориш кампанияси олиб борилмоқда. Ҳозиргача Покистондан камида 374 минг қочқин Афғонистонга қайтган.

Покистон муваққат ҳукуматига кўра, сўнгги қирқ йил ичида Женева конвенцияси асосида мамлакатга Афғонистондан 4 миллиондан ортиқ қочқин келган, улардан 1,7 миллиони яшаш ҳужжатларига эга эмас ва депортация қилиниши керак.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.