23.12.2024 17:21
660

Британия армияси рекорд даражада хизматчиларни йўқотди

Британия мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, 2023-2024 йиллар давомида 15 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи армияни тарк этган, уларнинг ярми ўз истагига кўра ишдан чиққан. Шу билан бирга, армияга қабул қилинган янги хизматчилар сони атиги 12 минг нафарни ташкил этган, бу умумий қўшинлар сонининг қисқаришига олиб келган.

2024 йил июль ҳолатига кўра, армия сафида 74 мингга яқин хизматчи қолган, бу эса ҳар минг аҳолига атиги икки ҳарбий хизматчи тўғри келишини англатади — рекорд даражада паст кўрсаткич.

Лейбористлар ҳукумати армия маошларини 6 фоизга оширишини эълон қилган бўлса-да, бу қадам муаммони ҳал қилмаган. Ҳарбий хизматчилар иш ҳақининг сўнгги ўн йилликдаги реал ўсиши атиги 1,9 фоизни ташкил этган, бу эса бошқа соҳалардаги маошлар ўсишидан анча орқада қолган.

Сўровларга кўра, ҳарбий хизматчиларнинг атиги 32 фоизи ўз маошларидан қониқади. Бу эса сафлардаги қониқмаслик ва оммавий истеъфоларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Мудофаа вазири Ал Карнс Британия армиясининг глобал беқарорлик шароитида хатарларга етарлича жавоб қайтариш қобилиятидан хавотир билдирди. Россия-Украина уруши каби катта миқёсдаги можаро содир бўлган тақдирда, армия ресурсларининг олти ой ичида тугаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиш берилди.

Шу билан бирга, мамлакатда давлат хизматчилари сони оддий ҳарбий хизматчилар сонидан тўрт баравар кўп бўлиб, бу мамлакат мудофаа тизимидаги бюрократик муаммоларни янада кучайтирмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.