Европа Иттифоқи давлатлари Украинага ваъда қилинган 1 миллион снарядни етказиб беролмайди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеф Боррель маълум қилди, деб ёзмоқда ТАСС.

“Украинада уруш бошланганида бажара оламизми-йўқми, билмай туриб Украинага 1 миллион снаряд етказишга ваъда бердик. Кейин эса қила олмаслигимиз маълум бўлди. Биз бу вазифани бажара олмадик”, - деди Жозеф Боррель.

Унинг таъкидлашича, Евроиттифоқ ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширган, аммо улар армиямиз захирасини тўлдиришга ҳали етмайди.

“Биз Украинага потенциал можароларни енгиш ва биринчи навбатда келажак технологиялар ёрдамида эртанги кунга тайёргарлик кўриш учун зарур бўлган барча ёрдамни тақдим эта олишдан йироқмиз”, - дея тан олди Европа ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.

“Йўқ, биз уруш йўлида эмасмиз, чунки биз урушда эмасмиз ва жанг қилишни ҳам хоҳламаймиз. Лекин биз яшаётган геосиёсий вазиятдан ҳали етарлича хабардор эмасмиз. Ва Драги (Италиянинг собиқ бош вазири, Европа Марказий банки собиқ раҳбари Марио Драги назарда тутилмоқда – Azon Global) ҳозиргина ўз ҳисоботида геосиёсий контекст жуда хавфли бўлиб бораётган бир пайтда, бизда жуда муҳим технологик бўшлиқ борлигини айтди”, - дея қўшимча қилди у.

Ўтган ҳафта Италиянинг собиқ бош вазири ва Европа Марказий банкининг собиқ раҳбари Марио Драги Европа Иттифоқи рақобатбардошлигининг келажаги ҳақидаги ҳисоботини тақдим этди. Унда таъкидланишича, агар ҳеч нарса ўзгармаса, Европа Иттифоқи аста-секин ўлим азобига дуч келади. У агар ЕИ АҚШ ва Хитой билан ҳамнафас бўлишни истаса, йилига 800 миллиард еврогача қўшимча сармоя керак бўлишини қайд этди. Бу - Европа Иккинчи жаҳон урушидан кейин тикланиш учун киритган сармоясидан икки баравар кўп.

"Биз аллақачон Европада иқтисодий ўсиш секинлашаётганини айтмоқганмиз, лекин эътиборсиз қолдирилдик, - деди Драги. - Энди бунга эътибор бермай иложимиз йўқ. Жаҳон савдоси секинлашмоқда, Хитой кучли секинлашмоқда, лекин у биз учун камроқ очиқ бўлиб қолди ва жаҳон бозорларида биз билан барча кўрсаткичлар бўйича рақобатлашмоқда. Биз арзон энергиянинг асосий етказиб берувчимиз - Россияни йўқотдик. Энди эса Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери биринчи марта мудофаага сармоя киритишимиз керак бўлмоқда”.

Мавзуга алоқадор