26.04.2025 09:05
63

БМТ штаб-квартирасида Суриянинг янги байроғи кўтарилди

Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида Суриянинг яшил, оқ ва қора рангли, учта қизил юлдуз тасвирланган янги байроғи расмий равишда кўтарилди. Ушбу маросимда Суриянинг ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний иштирок этди, дея хабар бермоқда РИА Новости нашри.


Янги байроқ — тарихий жиҳатдан муҳим рамз ҳисобланади. У илк бор 1930 йилларнинг бошида ишлатила бошланган бўлиб, ўша даврда Сурия ва Ливан Биринчи жаҳон урушидан сўнг Франция назоратидаги ҳудудлар ҳисобланган. 


1946 йилда, Сурия мустақилликка эришганида ҳам айнан шу байроқ қабул қилинган эди. 2011 йилдан буён эса бу байроқ Сурия мухолифат кучлари томонидан фаол равишда ишлатиб келинаётган эди.


Маросим давомида БМТ штаб-квартираси олдида ўнлаб намойишчилар тўпланди. Улар ҳам янги Сурия байроқлари билан чиққан бўлиб, аш-Шайбонийнинг келишини ва байроқ кўтариш маросимини қувонч билан кутиб олишди, дейилади хабар матнида. 


Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябр ойи охирида Суриядаги мухолифат кучлари ҳукумат қўшинларига қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлади. 8 декабр куни улар Дамашққа кириб борди. Шундан сўнг, мамлакат президенти Башар Асад лавозимидан воз кечиб, мамлакатни тарк этди. 


2025 йил 29 январь куни эса янги муваққат маъмурият раҳбари Аҳмад аш-Шаръ Суриянинг ўтиш даври президенти бўлди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.