19.12.2024 10:10
БМТ: режим қулагандан кейин 100 минг суриялик уйларига қайтди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) баёнотига кўра, Сурияда ўтган ҳафта Башар Асад режими қулаганидан буён 250 минг киши ўз уйларига қайтган, улардан 100 минг нафари мамлакат ташқарисида истиқомат қилаётган сурияликлар.
"Сурияда 17 миллион киши ҳамон ёрдамга муҳтож ва умумий аҳолининг 90 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди. Урушдан қочган минглаб суриялик қочқинлар ҳозир уйларига қайтмоқда, бошқалари эса маҳаллий шароит уларнинг эсон-омон қайтишига имкон берадими ёки йўқлигини баҳоламоқда", дейилади ташкилот хабарида.
Қайд этилишича, фуқаролик уруши бошланган 2011 йилдан буён Сурияда катта вайронагарчилик ва оммавий кўчирилишлар кузатилди, 6 миллиондан ортиқ суриялик мамлакатни тарк этган, 5,5 миллион киши эса ички уй-жойини тарк этди.