13.12.2024 14:34
484

БМТ: Одам савдоси қурбонлари сони яна ошиб бормоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан тақдим этилган сўнгги ҳисоботга кўра, 2019–2022 йиллар давомида одам савдоси қурбонлари сони 25 фоизга ошган. Айниқса, болалар ва аёллар эксплуатациясининг кучайиши эътиборга молик. 

2022 йилда болалар қурбонлари 31 фоизга, қиз болалар эса 38 фоизга ошган. Қизларнинг аксарияти жинсий эксплуатацияга, ўғил болалар эса мажбурий меҳнатга ёки жиноий фаолиятга жалб қилинган. Қашшоқлик, қуролли можаролар ва иқлим инқирози одамларни жиноий тармоқлар олдида заиф ҳолга келтириб, бу хавотирли тенденцияни кучайтирмоқда.

Жиноятчиларнинг янги усуллари ҳам алоҳида таъкидланган. Онлайн фирибгарлик ва кибержиноятларга жалб қилиш эксплуатациянинг аниқланган турлари орасида учинчи ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 2016 йилдаги бир фоиздан 2022 йилда саккиз фоизга ошган.

Одам савдоси динамикаси минтақага қараб фарқ қилмоқда.
Шимолий Америка ва Ғарбий Европада қурбонлар сони сезиларли даражада ошган.
Шарқий Европа ва Марказий Осиёда пандемиядан олдинги даражада ёки ундан паст.
Африкада эса болалар савдоси кўп учраса-да, маълумот йиғишда қийинчиликлар мавжуд.

БМТ инсонларнинг заифлигини ошираётган омиллар – қашшоқлик, қуролли можаролар ва иқлим ўзгаришларига қарши кескин чоралар кўриш зарурлигини таъкидламоқда. Шунингдек, жабрланганларни қутқариш, уларга ёрдам бериш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Одам савдоси глобал инқироз бўлиб, унинг қурбонлари, айниқса болалар ва аёллар, жуда оғир вазиятга тушиб қолмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.