13.12.2023 14:36

БМТ бош котибининг собиқ ўринбосари Спонек: Ҳозирги дунё тартиби одамлар учун барқарор эмас

БМТ бош котибининг собиқ ўринбосари ва Ироқ гуманитар ёрдам координатори, немис дипломати Ханс фон Спонек ўтган ҳафта Туркияда бўлиб ўтган TRT World Forum форумида Anadolu мухбирига жазосизликка асосланган, кучлилар ҳақли деган хулосага келинаётган бугунги дунё тартиби барқарор эмаслиги ва ислоҳотларга эҳтиёжи борлигини таъкидлади.

У қонунни бузганлар жазосиз қолишлари мумкин эмаслиги ва жавобгарликка тортилиши кераклигини айтиб ўтди.

Исроилнинг Ғазога ҳужумлари билан боғлиқ Европадаги ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти гуруҳларининг муносабатлари бир-бирига зид келаётганига эътибор қаратган Спонек Германияни мисол қилиб келтириб, “ҳукумат "Исроилни қўллаб-қувватлашимиз керак", деса, мухолифлар "Исроилнинг Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги хатти-ҳаракатларини қабул қилмаймиз”, дейди”, деган фикрларни билдирди.

Спонек Европада одамлар Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун намойиш ўтказаётган бир пайтда давлатларнинг Исроил тарафини олиб, Фаластинни қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилишга уринганини қабул қилиб бўлмас ҳолат деб ҳисоблашини айтди.

Демократик режимларда ҳар ким ўзини ифода этиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидлаган Спонек "демократия билан бошқарилишини даъво қиладиган давлатнинг асосий тамойили" бўлган ҳар бир инсон, хоҳ фаластинлик, хоҳ немис ёки бошқа миллат вакили, токи зўравонликка чақирмас экан, ўз фикрини эркин ифодалаши мумкинлигини айтди.

Спонек, шунингдек, БМТ тузилмасини танқид қилиб, ислоҳотларга чақирди.

БМТнинг кўп юзи борлигини таъкидлаган Спонек "БМТнинг сиёсий юзи, юридик юзи, суд юзи бор. БМТнинг ижрочи юзи ҳам бор... Украина, Ғазо ва бошқа жойларда инсонпарварлик ёрдамини кўрсатаётган ташкилотлари ҳам мавжуд. Бироқ мамлакатларнинг Ғазодаги каби вазиятга тушиб қолишининг олдини олиш учун БМТни сиёсий даражада ислоҳ қилиш керак. Бунга энди йўл қўймаслик керак”, - деди.

"Бизда мавжуд бўлган ҳозирги дунё тартиби одамлар учун барқарор эмас. Уруш бошлаб, ҳеч қандай жазосиз, жавобгарликсиз, фақатгина жазосизлик билан олға кетаверадиган дунё бўлмаслиги керак. Чунки ҳақлилар эмас, кучлилар мўътабар деб ўйлайсиз”, - деди Спонек ҳозирги дунё тартиби ҳақида.

"Ҳар ким қилмишига яраша жавоб беришишига эришмоғимиз лозим. Яхши ишларни қилаётган одамларни мақташ, уларга ёрдам бериш орқали масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз керак. Қонунларни бузганларни эса жазолай олишимиз керак", - деди Спонек.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.