04.12.2024 12:09

БМТ: 2025 йилда 305 миллион киши шошилинч ёрдамга муҳтож бўлади

2025 йилда дунё бўйлаб 305 миллион киши шошилинч инсонпарварлик ёрдамига муҳтож бўлади. Бу ҳақда БМТнинг Фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш бўйича координатори ва БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ОЧА) раҳбари Том Флетчер 2025 йилгача глобал гуманитар истиқбол дастури очилиш маросимида огоҳлантирди.

Флетчернинг қайд этишича, БМТ ва унинг гуманитар ҳамкорлари дунё бўйлаб 190 миллион кишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилда 47 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаатни бошлаган.

БМТ 32 давлат ва қочқинларни қабул қилган 9 та минтақага ҳаётий ёрдам беради, деди Флетчер.

Флетчернинг сўзларига кўра, ҳозир дунё энг заиф қатламлар – аёллар, болалар ва ногиронлар энг оғир бадални тшлашмоқда.

Кўмакка муҳтож одамларнинг эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун глобал бирдамликнинг янги даражаси, шунингдек, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш учун дадил сиёсий ҳаракатлар зарур, деди БМТ ОЧА координатори.

Том Флетчер ташкилот қолган 150 миллион муҳтож одамларга ҳам ёрдам беришни хоҳлашини, аммо ҳозирги молиялаштириш билан бунинг имкони йўқлигини қўшимча қилди.

Тўқнашувлар натижасида 123 миллион киши уй-жойини тарк этди

ОЧА ҳисоботида тез-тез содир бўлаётган зўравонлик ҳолатлари қайд этилаётган можаролар натижасида 123 миллионга яқин одам уй-жойларини тарк этишга мажбур бўлган.

"Иқлим ўзгариши билан боғлиқ офатлар ҳам озиқ-овқат тизимларини бузиб, аҳолининг оммавий кўчишига сабаб бўлмоқда", дея эътибор қаратди БМТ ОЧА.

Донорларнинг сахийлигига қарамай, 2024 йилда зарур бўлган 50 миллиард долларнинг атиги 43 фоизи тўпланган.

Ҳисоботда ёрдам кўрсатиш ҳаракатлари етарлича молиялаштирилмаётганининг салбий оқибатлари ҳам кўрсатилган. Жумладан, 2024 йилда Сурияга озиқ-овқат ёрдами 80 фоизга камайган, Мяньмада ҳимоя хизматлари, Яманда сув ва санитария ёрдами қисқартирилган.

“2024 йил ёрдам ходимлари учун энг ҳалокатли йил бўлди – 280 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ушбу қийинчиликларга қарамай, инсонпарварлик ташкилотлари фаолияти 2024 йилда 116 миллионга яқин одамни қамраб олди, улар ҳаётни сақлаб қолиш учун озиқ-овқат, бошпана, соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳимоя хизматларини тақдим этди", дея қўшимча қилди ОЧА.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.