08.01.2025 12:06
1050
Башар Асаднинг рафиқаси АҚШ ва Британия махсус хизматлари билан алоқада бўлгани ошкор қилинди
Суриянинг собиқ президенти Башар Асаднинг рафиқаси Асма Асад ҳақида ошкор қилинган ҳужжатлар халқаро муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда Асманинг АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати (NSA) ва Британиянинг "M.I.5" (аксилразведка хизмати) агентлари билан боғлиқлиги айтилади.
1998 йил 27 ноябрь санаси билан белгиланган биринчи ҳужжатда Асма Асаднинг молиявий соҳадаги лавозимлари, жумладан, Нью-Йоркдаги Deutsche Bank филиалидаги фаолияти тилга олинган. Ҳужжатда унинг АҚШнинг Миллий хавфсизлик кенгаши манфаати учун молиявий, сиёсий ва ҳуқуқий маълумотларни йиғишга қаратилган вазифалари хусусида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, у Жўлон тепаликлари ва Ливан билан боғлиқ масалалардаги фаолиятларда иштирок этгани тахмин қилинган.
Асма Асад Британия разведкасининг етакчи фигуралари билан яқин алоқада бўлган. Унинг Мисс Лиза ва 1988-1994 йилларда Британия ташқи разведкаси директори лавозимини эгаллаган Мисс Коллин Бекол билан муносабатлари ҳужжатларда алоҳида таъкидланган.
Иккинчи ҳужжат 1994 йилдаги учрашувлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. 22 ноябрь куни Лондондаги Честерфилд Майфаир меҳмонхонасидаги учрашувда Башар Асад ва Асма "M. I. 5" раҳбари ўринбосари Элиза Маннингем-Булер билан учрашгани айтилган. Бир кун ўтгач, уларнинг Сурия-Исроил муносабатлари ва минтақадаги тинчлик музокаралари бўйича муҳокамаларда қатнашгани маълум қилинган.
Бу ҳужжатларнинг асллиги ва улар ортида турган мақсадлар бўйича турли тахминлар илгари сурилмоқда. Сурия ҳукумати ёки Асма Асад шахсан ҳеч қандай изоҳ бермаган.