10.02.2025 08:14
БАА масжидларидаги ваъзлар реал вақтда 40 тилга таржима қилинади
БААнинг Шаржа шаҳридаги Ислом ишлари вазирлиги масжидлардаги ваъзларни реал вақт режимида таржима қиладиган “Минбар” иловасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Gulf News нашри хабар берди.
Илова араб тилини билмайдиган ташриф буюрувчилар учун мўлжалланган бўлиб, ваъзларнинг маъносини 40 тилга аниқ ва тезкор таржима қилиш имконини беради. Тизим Шаржадаги энг йирик масжидлардан бири – Ал-Мағфира масжидида муваффақиятли синовдан ўтказилган.
Ислом ишлари вазирлиги дин соҳасидаги энг сўнгги технологияларни жорий этиб, маърузаларни кенг аудиторияга етказишга ҳаракат қилмоқда. “Минбар” иловаси фойдаланувчиларга Google Play ва App Store орқали бепул тақдим этилади.
Бу инновация турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро тушунишни осонлаштириб, Ислом таълимотларининг кенг тарқалишига ҳисса қўшиши кутилмоқда.