11 йил давом этган расмий терговда Австралиянинг элита махсус кучлари томонидан Афғонистонда 39 нафар тинч аҳоли ва маҳбус ноқонуний ўлдирилгани кўриб чиқилди, дея хабар қилди Arab News нашри.

Тергов хулосалари асосида Австралия Афғонистондаги урушда ҳарбий жиноятлар ва "нотўғри хатти-ҳаракатлар"да иштирок этган бўлинмалар қўмондонларини медалларидан маҳрум этишга қарор қилди.

Мудофаа вазири Ричард Марлеснинг айтишича, 2005-2016 йилларда ҳокимиятда бўлган қўмондонларини нишонга олган қарор “ўтмишдаги хатоларни тузатиш” учун зарур.

Ўн нафарга яқин қўмондон мукофотларидан маҳрум қилинади, аммо махфийлик сабабли уларнинг исмлари ошкор этилмайди.

Марлеснинг сўзларига кўра, 2020 йилги тергов натижалари "элитизм субмаданиятини ва мақбул стандартлардан четга чиқишни" аниқлади, бу "энг жиддий, ўлчовли ва пухта чораларни талаб қилади".

Ҳисоботдаги 143 та тавсиянинг қарийб барчаси, жумладан, медалларни қайта кўриб чиқиш, товон пули тўлаш ва маданий ислоҳотлар маъқулланди.

Тергов, шунингдек, 19 кишининг иши Австралия федерал полициясига юборилишини таклиф қилди, аммо жараён секин кечмоқда.

Марлеснинг айтишича, пайшанба кунги қарорга алоқадор қўмондонлар ўз бўлинмалари содир этган уруш жиноятлари ҳақида хабар топмаган бўлиши мумкин, аммо улар нима бўлаётганини билишлари лозим эди. У мудофаа кучлари маданиятини ислоҳ қилишни давом эттиришга ваъда берди.

"Австралия масъулиятни ўз зиммасига оладиган мамлакат", - деди Марлес.

Медаллар қандай ва қачон қайтарилишини Австралия генерал-губернатори – қиролнинг Ҳамдўстликдаги вакили белгилайди.

2001 йил 11 сентябрдаги хуружлардан сўнг 26 мингдан ортиқ австралиялик аскар Афғонистонга АҚШ ва иттифоқчи кучлар сафида Толибон, ал-Қоида ва бошқа исломий гуруҳларга қарши жанг қилиш учун жўнатилган.

Австралия жанговар қўшинлари 2013 йил охирида расман Афғонистонни тарк этди, аммо ўшандан бери элита махсус кучлари бўлинмаларининг ноқонуний ва ғайриинсоний ҳаракатлари ҳақида кўплаб хабарлар келиб тушди.

Ҳозирча мамлакатда фақат Виктория хочи билан тақдирланган собиқ махсус ҳаво хизмати (SAS) капрали Бен Робертс-Смитга нисбатан ўтган йили тўрт нафар афғон маҳбусини ўлдирганлик айблови қўйилган. Бироқ ҳозирча у жазога тортилгани йўқ, унинг иши ҳали ҳам судда кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга алоқадор