25.01.2025 17:52
409

АҚШда ноқонуний муҳожирларга қарши оммавий депортация амалиёти бошланди

Доналд Трамп раҳбарлигидаги АҚШ ҳукумати ноқонуний муҳожирларга қарши мисли кўрилмаган оммавий депортация амалиётини бошлади. Президент Трампнинг матбуот хизмати бу жараённи “тарихдаги энг йирик депортация кампанияси” деб атади.

Оқ уйнинг маълум қилишича, 21 январдан бошлаб, ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш жараёни фаол равишда амалга оширилмоқда.

Икки кунда 460 киши қўлга олинган, 23 январь куни эса яна 538 муҳожир ушланган, уларнинг 373 нафари жиноий айбловлар билан қўлга олинган.

Депортация қилинганлар орасида терроризмда гумон қилинган шахслар, Венесуэладаги “Трен де Арагуа” жиноий гуруҳининг тўрт аъзоси ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларда айбланган шахслар борлиги айтилмоқда.

“Президент Трамп дунёга кучли сигнал юборяпти: АҚШга ноқонуний кириш жиддий оқибатларга олиб келади,” – дейилади расмий баёнотда.

Қайд этилишича, Америка ҳарбий самолётлари муҳожирларни депортация қилиш учун жалб этилган. Бундай ҳолат сўнгги йилларда кузатилмаган эди.

Трамп ҳукуматининг радикал чоралари нафақат ноқонуний муҳожирларни, балки халқаро жиноий гуруҳларни йўқ қилишга қаратилгани таъкидланмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.