24.01.2025 11:01
400

АҚШ жанубида кучли қор бўронлари ва совуқ ҳаво оқибатида 10 киши ҳалок бўлди

АҚШнинг жанубий штатларида ғайритабиий совуқ об-ҳаво ва кучли қор бўронлари 10 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Минтақадаги йўлларда музлаш ва ноқулай об-ҳаво бир қатор бахтсиз ҳодисаларга ва транспорт қатновида жиддий кечикишларга сабаб бўлди.

Алабама, Техас ва Жоржия штатларида кўрилган совуқ ва қор оқибатида уй ёнғинлари, йўл-транспорт ҳодисалари ва музлаш ҳолатлари кузатилди. Ноқулай об-ҳаво туфайли ўнлаб авиарейслар бекор қилинди.
Айрим ҳудудларда қор ёғиши рекорд даражада бўлди:
Флоридада 25 см,
Техасда 15 см,
Алабамада 20 см.

1895 йилдан бери Янги Орлеан ва Луизианада энг кучли қор ёғиши қайд этилди.

Луизианадан иқлимшунос Жей Гримс бу ҳолатни штатда сўнгги 100 йилдаги энг оғир об-ҳаво деб атади. Ҳаво ҳарорати айрим жойларда -12°Cга тушди ва бу ҳолат 26 январгача давом этиши мумкин.

Штатнинг транспорт департаменти котиби Жо Донаху аҳолини кераксиз саёҳатлардан қочишга чақирди. Синоптикларнинг маълумотларига кўра, Мексика кўрфази ҳудудидаги совуқ об-ҳаво шу ҳафта охиридан бошлаб нормаллашади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.