25.04.2024 15:03

АҚШ Сенати Украина, Исроил ва Тайванга 95 миллиард доллар ажратишни маъқуллади

АҚШ Сенати узоқ кутилган Украина, Исроил ва Тайванга умумий 95 миллиард долларлик ёрдам пакетини маъқуллади. Ташаббусни 79 сенатор қўллаб-қувватлади, 18 нафари эса қарши чиқди. Бу ҳақда Al Jazeera телеканалига таяниб Yeni Şafak хабар берди.

Ушбу маблағнинг 61 миллиард доллари Украинага ёрдам бериш учун мўлжалланган. Украина учун ажратилаётган маблағнинг 23,2 миллиарди - Пентагон омборларидан Киевга етказиб берилган қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ўрнини тўлдиришга, 13,8 миллиарди - очиқ бозорда Украина учун ҳарбий харидларни амалга оширишга, 11,3 миллиарди - "минтақада АҚШнинг жорий ҳарбий амалиётларини" қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Вашингтон томонидан Украинага етказиб берилган снарядлар ўрнини тўлдириш учун АҚШ Мудофаа вазирлигига М107 гаубицаларига 116 минг дона 155 мм снаряд етказиб бериши ҳақида хабар берган эдик.

Қўшма Штатлар Исроилга ёрдам ва Ғазо секторига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 26 миллиард доллар, Тайван ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида хавфсизликни таъминлаш учун 8 миллиард доллар ажратмоқда.

"Мен ушбу қонун лойиҳасини имзолайман ва у иш столимга етиб бориши биланоқ Америка халқига мурожаат қиламан. Шундан сўнг жорий ҳафтадан Украинага қурол ва жиҳозлар юборишга тайёргарлик кўришимиз мумкин", - деди президент Жо Байден баёнотида.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Байден ҳужжатни имзолаши биланоқ Вашингтон Киевга 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини жўнатади.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳужжатнинг қабул қилинганини олқишлади.

Тайбэй АҚШ билан маблағларни қандай тўғри тақсимлашни муҳокама қилишини маълум қилди. Хитой Давлат Кенгашининг Тайван ишлари бўйича бошқармаси оролга ёрдам пакетига киритилишига “қарши эканлигини” билдирди.

Шунга ўхшаш пакет февраль ойида Сенатдан ўтган, аммо узоқ вақтдан бери Палатанинг кун тартибида турган эди. Трамп тарафдори бўлган республикачи спикер Майк Жонсон шу ой бошида тўсатдан ўз фикрини ўзгартириб, маблағларни алоҳида-алоҳида муҳокама қилинадиган тўртта қонун лойиҳаси билан ажратишни таклиф қилганида барчаси ўзгарди. Режанинг Украина қисмида ёрдам грантлар кўринишида эмас, балки кредит шаклида тақдим этилиши айтилганди.

Сенатдаги демократлар ва республикачилар етакчиларининг айтишича, овоз бериш Конгресс ўз йўлига қайтганидан дарак беради.

"Ушбу қонун лойиҳаси Америка хавфсизлиги ва Ғарб демократиялари хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун жуда узоқ вақт давомида Конгресс томонидан қабул қилинган энг муҳим ҳаракатлардан биридир", деди Демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер овоз беришдан кейин журналистларга.

Бундан ташқари, пакетга АҚШда TikTok ижтимоий тармоғини тақиқлаш ташаббуси ҳам киритилган. Қонунчилар Хитойнинг ByteDance компаниясига ижтимоий тармоқни сотиш учун бир йил муддат беришни таклиф қилмоқда, акс ҳолда TikTok АҚШда тақиқланиши мумкин.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.