23.01.2025 10:40
АҚШ Конгресси ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олишни кўзда тутган қонун лойиҳасини қабул қилди
АҚШ Конгресси жиноятларга алоқадор бўлган ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олишни талаб қилувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. "Лакен Райли қонуни" деб номланган қонун, Сенат ва Вакиллар Палатасида маъқулланиб, Трамп томонидан имзоланиш учун Оқ уйга юборилди.
Қонун чегарадаги ноқонуний муҳожирларга қарши чораларни кучайтиришга қаратилган бўлиб, чегарачиларга айрим жиноятларга алоқадор муҳожирларни суд қарорисиз ҳибсга олиш имконини беради. Трамп қонунни тезда имзолаши кутилмоқда.
Шунингдек, АҚШ-Мексика чегарасида хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида Трамп янги ижро фармонини имзолади ва чегарага қўшимча 1500 аскар юборишга қарор қилди.
Аввалроқ, АҚШнинг 22 штати президент Дональд Трампнинг лавозимга ўтириши билан имзолаган ота ёки онаси ноқонуний муҳожир бўлган болаларга Америка фуқаролигини беришни бекор қилиш ҳақидаги фармонига қарши судга шикоят киритганди.