08.01.2025 07:57
558
АҚШ Гуантанамодаги маҳбусларни Уммонга кўчирди
АҚШ ҳукумати Гуантанамода сақланаётган 11 яманлик маҳбусни Уммонга кўчирди. Бу қадам Жо Байден маъмуриятининг ҳарбий қамоқхонани ёпишга қаратаётган саъй-ҳаракатлари доирасида амалга оширилган энг йирик трансфер бўлди.
Тарихий жараён ортидан Кубада жойлашган мазкур қамоқхонада фақатгина 15 маҳбус қолган бўлиб, бу унинг 20 йиллик фаолияти давомидаги энг паст кўрсаткичдир.
2001 йил 11 сентябр терактларида айбланган Холид Шайх Муҳаммадга нисбатан бўлаётган суд жараёнидаги янги ўзгаришлар ортидан ушбу трансфер амалга оширилган. Суд муҳокамалари вақтида Муҳаммаднинг ўлим жазосидан қочиш учун айбини тан олиши кутилмоқда.
Гуантанамодан ўтказилганлар орасида Муаз Алавий ва Шарқави Али Ҳаж каби машҳур маҳбуслар ҳам бор. Улардан бири қамоқхонадаги буюмлардан ясалган қайиқ макетлари билан танилган бўлса, иккинчиси эса узоқ муддатли очлик эълон қилган.
Гуантанамо қамоқхонаси 2002 йилда терроризмда гумон қилинганларни сақлаш учун очилган. Аммо халқаро майдонда унинг қонунийлиги ва инсон ҳуқуқларига нисбатан муносабати жиддий баҳсларга сабаб бўлиб келган.
Байден маъмурияти уни ёпиш режасини амалга оширишга ваъда берган бўлса-да, ушбу жараён сиёсий ва ҳуқуқий тўсиқларга дуч келмоқда.
Қамоқхонадаги маҳбуслар сони энг юқори чўққига етган 2003 йилда бу ерда 680 га яқин шахс сақланган эди.