25.01.2025 07:21
422

АҚШ деярли барча хорижий ёрдам тўловларини вақтинча тўхтатди

АҚШ Давлат департаменти Исроил ва Мисрдан ташқари барча хорижий ёрдам тўловларини 90 кунга музлатиб қўйди. Бу ҳақда Reuters ва Politico агентликлари хабар берди.

Давлат котиби Марко Рубио томонидан тасдиқланган телеграммада хорижий ёрдам грантлари бўйича янги тўловлар ва мажбуриятлар вақтинча тўхтатилгани айтилган. Бу қарор АҚШ президенти Дональд Трампнинг хорижий ёрдам маблағларини унинг ташқи сиёсатига мос келишини текшириш бўйича кўрсатмаси асосида қабул қилинган.

Телеграммага кўра, Исроил ва Мисрга ҳарбий маблағ ажратиш давом этади. Исроил ҳар йили тахминан 3,3 миллиард доллар хорижий ёрдам олади, Миср эса 1,3 миллиард доллар миқдорида маблағ билан таъминланади.

Reuters хабар беришича, ҳозирча Марко Рубио текширув натижалари бўйича қарор қабул қилмагунча, ҳеч қандай янги ёрдам мажбуриятлари олинмаслиги керак. Шунга қарамай, шошилинч озиқ-овқат ёрдами ва йўриқнома чиқарилишидан олдин қилинган қонуний харажатлар амалга оширилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп инаугурация маросимидан сўнг АҚШнинг барча ташқи дастурларини 90 кунга тўхтатиш, ЖССТ ва Париж иқлим келишувларидан чиқиш, федерал ҳукумат фақат иккита ўзгармас жинс - эркак ва аёлни тан олишини кўзда тутувчи 200 дан ортиқ фармонни имзолаганди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.