08.11.2024 09:48
1201
Амстердамда исроилликларга қарши оммавий ҳужумлар бошланди
Амстердамда маҳаллий “Аякс” билан ўйиндан сўнг Тел-Авивнинг “Маккаби” футбол клуби мухлисларига бир қатор ҳужумлар уюштирилди, деб ёзади Times of Israel нашри.
Ижтимоий тармоқларда исроиллик футбол мухлисларининг Амстердамдаги бинолардан бирининг деразасига илиб қўйилган Фаластин байроғини туширишга ҳаракат қилгани, кейинчалик Амстердам кўчаларида оломон томонидан калтакланган бир гуруҳ одамлар тасвирлари пайдо бўлди. Видеода номаълум ниқобли одамлар исроилликлар жойлашган меҳмонхоналарга бостириб киришга урингани айтилади.
Исроил матбуоти бир кун аввал маҳаллий “Аякс”га 5:0 ҳисобида мағлуб бўлган Тел-Авивнинг “Маккаби” клуби мухлислари ҳужумга учрагани ҳақида хабар берди. Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, ҳужумчиларнинг баъзилари Фаластин байроқларини кўтариб, "Фаластинга озодлик" деб ҳайқирган.
Исроил ТИВ маълумотларига кўра, камида 10 киши жароҳатланган.
Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху Амстердам полициясини “тўполончиларга қарши қатъий ва тезкор ҳаракат қилишга ҳамда фуқароларининг фаровонлигини таъминлашга” чақирди. Шунингдек, у исроиллик мухлисларни қайтариш учун иккита самолёт юборилишини айтди.

