27.01.2025 09:00
480

ҲАМАС Трампнинг фаластинликларни кўчириш таклифини рад этди

2025 йил 26 январь куни ҲАМАС ҳаракати ўзининг расмий баёнотида Миср Араб Республикаси ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг Фаластин халқининг ўз она юртидан кўчирилишига қарши қатъий позицияси учун миннатдорчилик билдирди.

Баёнотда қайд этилганидек, ҲАМАС ҳаракати Фаластин халқининг ўз ерларига содиқлигини ва ҳар қандай кўчириш ҳамда депортацияга қарши эканлигини яна бир бор тасдиқлади. 

"Фаластинликларни ўз она юртларидан ҳар қандай баҳона билан кўчириш ёки йўқ қилишга уриниш барча халқаро ва инсон ҳуқуқлари нормаларига зиддир. Биз бу каби ҳаракатларни қатъий рад этамиз", дейилади баёнотда. 

ҲАМАС ҳаракати Араб Давлатлари Лигаси ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотини Фаластин халқининг миллий ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга ва уларни кўчиришга қарши қатъий позиция билдиришга чақирди.

ҲАМАСнинг ушбу баёноти Ғазо секторидаги вазиятнинг ёмонлашгани шароитида Фаластин халқининг ўз миллий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилгани қайд этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо секторидан кўчиб чиқишга мажбур бўлган фаластинлик қочқинларни араб давлатларига жойлаштириш бўйича таклиф билан чиққанди. Миср расмийлари эса Ғазо қочқинларини қабул қилишдан бош тортган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.