19.12.2024 06:35

ҲАМАС: Маҳмуд Аббоснинг Ғарбий Соҳилдаги амалиёти Исроил манфаатларига хизмат қилади

ҲАМАС Маҳмуд Аббос режимининг Жениндаги фаластинлик жангчиларга қарши амалиётини қоралаб, буни “катта жиноят” деб атади.

ҲАМАС ўз баёнотида "қаршилик жангчиларини ҳимоя қилиш ва Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги қаршиликни тугатиш орзуларига хизмат қиладиган бундай хавфсизлик операцияларига қарши туриш учун халқ сафарбарлигига" чақирди.

Минтақада тўқнашувлар давом этмоқда, Женинда умумий иш ташлаш эълон қилинган. Дўконлар ва мактаблар ёпилган, корхоналар ўз фаолиятини тўхтатган.

Фаластин, Америка ва Исроил расмийларидан олинган маълумотларга кўра, Қўшма Штатлар Маҳмуд Аббос режими амалиётини қўллаб-қувватламоқда.

Расмийларга кўра, Аббос режими Суриядаги инқилобдан илҳомланган исломий гуруҳлар Фаластин маъмуриятини ағдаришга уринишлари мумкинлигидан хавотирда операция бошлаган.

Женин лагери узоқ вақтдан бери Фаластин қаршилик гуруҳлари назоратида.

Лагер ҳозирда қамал ва тўқнашувлар остида. Қаршилик жангчилари ва фаластинлик тинч аҳоли орасида қурбонлар борлиги хабар қилинган.

Фаластин ва АҚШ расмийларига кўра, Маҳмуд Аббос операцияни икки асосий сабабга кўра буюрган: 20 январда президентликка киришадиган Дональд Трамп маъмуриятига Фаластин маъмурияти ишончли ҳамкор эканлигини кўрсатиш ва Сурияда содир бўлган воқеаларнинг Ғарбий Соҳилда такрорланишига йўл қўймаслик. 

Фаластин расмийлари, шунингдек, Жениндаги ҳужумларни Миср ва Иордания қўллаб-қувватлаганини айтди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.