18.01.2025 09:07
359
Афғонистонда амалдорларга бир вақтда икки лавозимда ишлаш тақиқланди
Афғонистон Ислом Амирлиги амири Ҳайбатуллоҳ Охундзода давлат амалдорларига бир вақтнинг ўзида бир нечта лавозимни эгаллашни тақиқловчи янги фармонни эълон қилди. Бу ҳақда маҳаллий расмий манбалар хабар бермоқда.
Мазкур фармон барча даражадаги давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилиб, мансабдорлар бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ лавозимларни бажариши тақиқланади. Қоидани бузганлар ўзлари эгаллаб турган лавозимлардан бири фойдасига танлов қилишлари шарт.
Ушбу фармон илк бор 2023 йил 20 июнда эълон қилинган бўлса-да, бугунги кунда унинг аҳамияти яна бир бор қайд этилди. Мақсад — давлат бошқарувида самарадорликни ошириш ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишдир.
Бу чеклов Афғонистонда бошқарув тизимини мустаҳкамлаш ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида қайд этилмоқда.