70 000 қурбон: Россиянинг Украинадаги йўқотишлари ҳақида нималар маълум?
BBC “Медиазона” ва кўнгиллилар гуруҳи билан биргаликда, очиқ маълумотларга асосланган ҳолда Украинадаги урушда ҳалок бўлган 70 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийларнинг исмларини аниқлади. Вафот этган ҳар бешинчи одам уруш бошланганидан кейин Россия армияси ёки Росгвардия билан шартнома имзолашга қарор қилган киши бўлган.
Минглаб некрологлар бутун
уруш давомида ҳалок бўлган ўртача рус жангчисининг қиёфаси қандай
ўзгарганини кўрсатади.
BBC 2022 йилда ўлимини тасдиқлатган оддий ҳарбий хизматчи ўртача 21 ёшда бўлган ва шартнома асосида махсус
кучлар, ҳаво-десант кучлари ёки денгиз пиёдалари каби элита бўлинмаларида
хизмат қилган. Бугунги
кунда эса 40, 50
ва ҳатто 60 ёшли эркаклар,
аксарият ҳолларда жанговар тажриба ёки махсус тайёргарликсиз фронтга
жўнатилмоқда.
Фуқаролик ҳаётидан фронтгача
Айни пайтда энг
кўп россиялик ҳарбий қурбонлар кўнгиллилар орасида берилмоқда. Бу аскарлар профессионал
аскарлардан жуда фарқ қилади: урушдан олдин улар кўп йиллар давомида фуқаролик
секторида ишлаган ва фронтга юборилгунга қадар уч кундан ўн кунгача давом этган
тайёргарликдан ўтган, холос.
Ўрганишларда
урушда камида 13 781 нафар кўнгилли ҳалок бўлгани аниқланди. Бу – Россия
томонида тасдиқланган йўқотишларнинг 20 фоизини ташкил қилади. 2024 йил
сентябрь ойидан бошлаб кўнгиллилар йўқотишлари уруш қатнашчиларининг бошқа
тоифалари, шу жумладан маҳбуслар (барча аниқланган ўлимларнинг 19%) ва сафарбар
қилинганлар (13%) йўқотишларидан ошиб кетди.
Ҳозирги
кунда урушда асосан 42 ёшдан 50 ёшгача бўлган кўнгиллилар ҳалок бўлишмоқда – бу
ушбу тоифадаги барча ўлимларнинг 30 фоизини ташкил қилади. Ўлган энг кекса
кўнгилли 71 ёшда, жами 60 ёшдан ошган 250 нафар кўнгилли урушда ҳалок бўлган.
2022 йил
апрелидан Россиянинг Украинага бостириб киришида кўнгилли бўлинмалар муҳим роль
ўйнашни бошлади. Ҳарбий қўмондонлик босқиннинг дастлабки ойларида омон
қолган десантчилар ва махсус кучларни авайлашни бошлади, улардан позицияларни эгаллаш ва снайпер
операциялари учун фойдаланмоқда.
2022 йил охири ва 2023 йил бошида фронтнинг энг қийин жабҳалари маҳбуслар
отрядлари томонидан қоплана
бошланди. Бироқ 2024 йил бошига келиб, ушбу бирликлар сони пасайиб кетди.
Эълон қилинган некрологларга кўра, кўнгиллиларни ёллаш ҳозирда Украинада жойлашган
Россия ҳарбийлари сафини тўлдиришнинг асосий усули ҳисобланади.
Россия армияси “Вагнер”
гуруҳи тактикасини қўллашда давом этмоқда - турли йўналишларда кичик ҳужум
гуруҳлари ёрдамида
тўлқинсимон ҳужум уюштирилмоқда. Бу усул аскарлар орасида катта
йўқотишларига олиб келади, лекин душманни чарчатади ва Украина артиллериясининг
мудофаа кучини пасайтиради.
Ҳалок
бўлган зобитлар
Россия уруш
бошидан буён Украинада 4104 зобитини, шу жумладан 7 генерал ва
подполковник ҳамда
ундан юқори даражали яна 458 кишини йўқотди.
Ҳалок бўлган офицерлар орасида 1142 нафар элита кучлари зобитлари (Ҳаво-десант кучлари, денгиз пиёдалари корпуси, махсус
кучлар, Россия гвардиясининг махсус бўлинмалари, шунингдек, ҳарбий учувчилар) бор.
Юқоридаги ҳисоб-китоблар ҳисобга олинса, Россия томонида ҳалок
бўлганларнинг ҳақиқий сони 107 864 дан 155 804 гача бўлиши мумкин.
Агар ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари
бўлинмалари таркибида Украинага қарши жанг қилганларни рўйхатга киритиладиган бўлса, Россия
томонидаги йўқотишларнинг умумий сони сезиларли даражада ошади.
Узоқ вақт давомида алоқада бўлмаган ЛДНР аъзоларини қидириш
ҳақидаги эълон қилинган некролог
ва хабарларни ўрганган BBC шу
йил сентябрь ойи охири
ҳолатига кўра, 21 000 - 23 500 киши ҳалок бўлиши мумкин деган хулосага
келган.
Тўпланган
маълумотларга асосланиб, россияпараст кучлар томонидан қурбонларнинг умумий сони 129 000 дан
180 000 ҳарбий хизматчилар оралиғида бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Ўлганлардан
ташқари, урушда оғир ярадорлар (жароҳат туфайли хизматдан бўшатилган) ва
бедарак йўқолганларни ҳам бор. Очиқ маълумотлар асосида ушбу тоифаларнинг ҳатто
тахминан сонини аниқлаш жуда қийин, чунки улар ҳақида деярли хабар берилмайди.
Оғир жароҳатланганлар сони бўйича энг консерватив ҳисоб-китоб Медиазона ва
Медуза томонидан 2022 йилда жароҳатлар учун товон тўловлари асосида тузилган.
Ушбу
маълумотларни ҳисобга олган ҳолда, оғир ярадорларнинг ўликларга нисбати камида
1,7-2 га 1 нисбатда бўлиши мумкин, яъни ҳар бир ўлик учун яна иккита оғир
ярадор, тузатиб бўлмайдиган даражада соғлиғини йўқотган ҳарбийлар. Россия
томонида ярадорлар ва ўликларнинг умумий нисбати ҳар бир ўлган кишига 4
ярадорни ташкил қилиши мумкин.
Шундай
қилиб, Россия томонидаги тузатиб бўлмайдиган йўқотишлар сони, оғир ярадорларни
ҳисобга олган ҳолда, 387 дан 540 минг кишигача бўлиши мумкин.