28.12.2024 11:36
460

2024 йилда Россияда 44 та «Ҳалол» сертификати берилди

Россияда 2024 йил давомида «Ҳалол» талабларига мувофиқ бўлган турли маҳсулотлар ва хизматлар учун 44 та сертификат берилди. Шунингдек, бронлаш ва сайёҳлик агентликлари хизматлари учун ҳам иккита сертификат ажратилди. Бу ҳақда Федерал аккредитация агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

«Ҳалол» сертификати исломий стандартларга мувофиқ маҳсулот ва хизматларни кафолатлайди. 2024 йилда Россияда миллий аккредитация тизимида иккита маҳсулот сертификатлаш органи ва битта хизмат сертификатлаш органи аккредитациядан ўтказилди.

Бундан ташқари, техник экспертлар рўйхатига 17 нафар мутахассис киритилган бўлиб, улардан 9 нафари «Ҳалол» сертификати бўйича, 8 нафари эса исломий масалаларда мутахассис сифатида фаолият юритади.

2024 йил март ойида «Ҳалол» сертификатлаш органларига қўйиладиган миллий стандарт тасдиқланган бўлиб, бу «Ҳалол» аккредитация схемасини жорий этишда муҳим босқич ҳисобланади. Кейинги босқичда 2025 йил сентябрида «Ҳалол» хизматларини сертификатлаштириш органларини аккредитация қилиш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳаларнинг асосий мақсади Россия экспортини ривожлантириш, «Ҳалол» маҳсулотларини хорижда тан олинишини таъминлаш ва уларнинг ишончлилигини оширишдир.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.