07.02.2024 17:50

2024 йилда янги можаролар қаерларда бўлади?

Журналист Меҳмет Канжи 2023 йилда Бир қутбли дунё тартиби тушунчаси турли зиддиятли ҳудудларда қандай муваффақиятсизликларга учрагани ва 2024 йилги прогнозлари ҳақида ёзди.
2023 йил совуқ урушдан кейин жорий этилиши мўлжалланган "Бир қутбли дунё тартиби" инқирозга юз тутгани билан эсда қолади.

Горбачевнинг 1991 йил 26 декабрдаги “СССР тобутига мих қоққан” имзоси кейинги 32 йил ичида либерал Ғарб дунёсининг ғалабасини кутилганидек мустаҳкамлай олмади. АҚШ бошчилигидаги Ғарбий Европа глобал фаровонликни барқарор қилиш ўрнига Яқин Шарқ ва Болқондаги можароларни кучайтирди. Улар Африкада илғор технологиялар билан мустамлакачиликнинг янги даврига эшик очиш учун Руандада миллионлаб одамларнинг қирғин қилинишига кўз юмдилар.

НАТОнинг бир қутбли дунё тартиби доирасидаги Шарққа қараб силжиш режаси Украинани вайронага айлантирди. 2023 йил ниҳоясига етар экан, Украинадаги уруш унутилди, АҚШ ва Ғарб давлатларининг Украинани иқтисодий ва ҳарбий ёрдамлари сустлашди. Агар Украинанинг Қора денгизда рус флотига қарши вақти-вақти билан “театрлаштирилган” ҳужумлари бўлмаганида, бу жабҳада содир бўлаётган воқеалар хабар дейишга ҳам арзимас эди. 
Яна бир “унутилган” уруш Суданда кечмоқда. 15 апрелдаги муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уриниш ортидан, Судан Қуролли Кучлари билан Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари номи остида фаолият юритаётган ҳарбийлаштирилган кучлар ўртасидаги ички урушга халқаро ҳамжамият бефарқ қаради. Уйини ташлаб кетганлар сони 6 миллиондан ошган бўлса, уларнинг 1 миллиондан ортиғи қўшни давлатларга бошпана топган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва унинг ёрдам агентликлари Суданда том маънода инқирозга учради.
2023 йилда можаролар кучайиши кутилаётган яна бир минтақа бу Покистон ва Эронни ўз ичига олган Балужистон вилоятидир. 2021 йилда АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетганидан кейин ортда қолдирган қуролларини фақат Толибон қўлга киритмади, Покистон ва Эронда фаолият юритаётган айирмачи балужий гуруҳлари ҳам бу манбалардан фойдалана бошлагани сабабли минтақада зўравонлик кучайди.
Исроилнинг Ғазога ҳужуми 2024 йилда давом этар экан, бу ҳужумларнинг Ливан ва Қизил денгизга бўлган таҳдидлари ҳам ортади. Исроил ҳукумати Ливан ҳудудининг Литани дарёсигача бўлган қисмини босиб олиш ниятини яширмаяпти. 
Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланган хусийлар Сувайш канали орқали амалга оширилаётган глобал савдони тубдан тебратиб юбориш қобилиятига эга эканлигни намойиш этди. АҚШ ушбу таҳдидни бартараф этиш учун амалга оширмоқчи бўлган "Рафаҳ қўриқчиси операцияси"ни эса биринчи ҳафтасидаёқ Испания, Франция ва Италия тарк этди. Вашингтон изоҳ беришдан ўзини тийган бу воқеа Ғарб лагерининг "бир қутбли дунё тартиби"га бўлган муносабатининг амалдаги ифодаси бўлди. 

Шунингдек, Саҳрои Кабир ва Африканинг жануби-ғарбий қисмидаги ҳудудларда террористик характердаги тўқнашувлар, Мянмадаги хунта маъмуриятига қарши қуролли кураш олиб бораётган гуруҳлар фаолияти ҳам кучайган.
Жануби-Шарқий Осиёда энергия ва савдо йўлларини қайта шакллантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Мянма, Хитой билан 2129 км, Ҳиндистон билан 1643 км чегараси туфайли АҚШ ва Россиянинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.

2023 йилги можаролар 2024 йилда янги миқёсда бўлади
Тайванда 13 январда бўлиб ўтадиган президентлик ва ялпи сайловлар янги йилдаги эҳтимолий инқирозларнинг биринчи тўлқинини бошлаб келади. Мустақиллик тарафдорларининг сайловда ғалаба қозониш эҳтимоли катта. Бироқ, Қўшма Штатлар Пекин маъмуриятидан Москванинг Украинага аралашувига ўхшаш ҳаракатларни кутмоқда. Гарчи Хитой Халқ Республикаси Тайванни уруш йўли билан қўшиб олиш нияти йўқлигини тез-тез такрорласа-да, Қўшма Штатлар ўзининг 886 миллиард долларлик мудофаа бюджетининг салмоқли қисмини Хитой Халқ Республикасини тийиб туриш учун ажратаётганини эътибордан четда қолдирмаслик керак. 
Япониянинг қуролланиш борасидаги ҳаракатлари, ишлаб чиқарган қуролларини экспорт қилиш учун қонунларига киритган ўзгаришлари, Шимолий Кореянинг Россиядан космик технологияларни қўлга киритиш йўлидаги қадамлари ҳам Ҳинд-Тинч океани минтақасини 2024 йилда иссиқроқ қиладиган омиллардир.

Лотин Америкаси кутилмаган ҳодисаларга тўла
Келинг, нисбий осойишталик ҳукм сураётган Лотин Америкасига ўтайлик. Венесуэла ўзининг бой ер ости ресурсларига эга қўшниси Гаяна ҳудудига даъво қилганида бошланган кескинлик, Британия ҲМС Трент ҳарбий кемасини минтақага жўнатганидан сўнг янгича тус олди. Буюк Британиянинг сафарбар қилинган флоти фақат Гаянага қаратилган деб ўйламаслик керак. 10 декабрь куни лавозимга киришган Аргентина Президенти Хавиер Милейнинг Фолькленд/Малвин ороллари устидан ҳуқуқлар даъво қилган риторикаси ҳам Британия денгиз қўшинларининг Жанубий Атлантикадаги кучини кўрсатиб қўйишини кун тартибига олиб келиши мумкин.

Арктика минтақаси учун режалар амалга оширилмоқда
2024 йилда табиий ресурслар ва савдо йўлларига эгалик учун кескинлик кучайиши мумкин бўлган бошқа бир жўғрофий минтақа – Арктика кенгликлари. Bloomberg агентлигининг ёзишича, АҚШ Давлат департаменти АҚШнинг континентал шельфини 1 миллион квадрат километрга кўпайтиришни назарда тутувчи қарорни амалга оширишга ҳозирлик кўрмоқда, бунинг деярли барчаси Арктика қитъасисига тўғри келади. Ушбу ҳудуд АҚШнинг Аляска штатининг шимолий ва ғарбий қисмидаги денгиз ҳудудларини қамраб олади. Россия минтақадаги ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун "Прожект 22220 Арктика" типидаги ядровий музёрар кемасини қуришга тайёрланмоқда.

2024 йилда коинот яна зиддиятли ҳудудга айланади
Тегилмаган ресурсларга эришиш учун кураш ҳақида гапирганда, биз 2023 йилда Ернинг сунъий йўлдоши Ойдаги сув ресурсларига эришиш учун курашни ҳам эслаб ўтишимиз керак. Россиянинг Ойга юборилган “Луна-25” русумли машинаси ер юзасига қулаб, вайрон бўлган бир пайтда, Ҳиндистоннинг “Чандраяан-3” аппарати Ойнинг жанубий қутбига муваффақиятли қўнди. Қайта бошланган "Ойга саёҳат" пойгасида 2024 йилда АҚШдан муҳим ҳамла кутилмоқда. Артемида лойиҳаси доирасида НАСА 3 нафар америкалик ва 1 нафар канадалик астронавтни Ой орбитасига жўнатади. Агар бу миссия муваффақиятли якунланса, 2025 йилда 53 йиллик танаффусдан сўнг АҚШ яна Ой юзасига астронавтларни қўндиришга ҳаракат қилади. Артемис лойиҳасининг энг муҳим мақсадларидан бири шундаки, АҚШ Ойда база ўрнатиш орқали фазо кенгликларига парвозларни янада тежамкор қилишни хоҳлайди. Бундан ташқари, Вашингтон маъмурияти Ойдан ердаги рақибларини кузатиш ва керак бўлганда уларга зарба бериш учун қурол платформаси сифатида ҳам фойдаланмоқчи.

АҚШ ва Европадаги сайловлар янги беқарорликка олиб келиши мумкин
2024 йилда кутилаётган можаролар қаторига АҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларни киритиш ҳам фойдадан холи эмас. Доналд Трамп президентликдан айрилган 2020 йилги сайловлардан кейин бўлиб ўтган Конгресс босқини АҚШ ички сиёсати зўравонликка тўла эканини очиб берди. Сўровлар Трамп Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашда тенгсиз эканини кўрсатмоқда. Сайловдан олдин, март ойида Трампга қарши бошланадиган федерал суд жараёни АҚШ ҳудудида кутилмаган ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Европа Парламентининг янги аъзоларини аниқлаш учун 6-9 июнь кунлари бўлиб ўтадиган сайловлар ҳам глобал мувозанатларга таъсир кўрсатиш салоҳиятига эга. Сўров натижаларига кўра, Европа Иттифоқи (ЙИ) келажагига шубҳа билан қарайдиган ўнг марказчи, популист ва ўта ўнг партиялар 720 ўринли парламентда мутлақ кўпчиликни қўлга киритишга жуда яқин. Европа парламентида ўта ўнгларнинг ҳукмронлиги ҳам Европа Иттифоқининг келажагини савол остида қолдиради.
Кўп томонлама институтлар, хусусан, БМТ аҳамиятининг пасайиши 2024 йилда дунёни янада қийинроқ муаммоларга дучор қилади.
 Бу шароитда Туркиянинг “минтақавий муаммоларга минтақавий ечимлар” формуласи катта аҳамият касб этадиган муқаррар бир зарурат сифатида пойтахтлар кун тартибига киради.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.