04.06.2025 16:04
577

Ташриқ такбирлари қачон ва қандай айтилади?

Бу йилги такбири ташриқ 5 июнь бомдод намозидан бошланиб, ҳайитнинг тўртинчи куни, яъни 9 июнь аср намозига қадар айтилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълум қилди.

Ҳанафий мазҳабида ташриқ кунлари ҳайит кунидан кейинги уч кун ҳисобланади. Демак, такбири ташриқ арафа куни бомдод намозининг фарзидан сўнг айтиш бошланади ва ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозида охирги такбири ташриқ айтилади:

•  5 июнь – 5 маҳал
•  6 июнь – 5 маҳал
•  7 июнь – 5 маҳал
•  8 июнь – 5 маҳал
•  9 июнь – 3 маҳал

Шу билан тугайди. Шунда беш кун давомида умумий 23 та намоздан сўнг такбири ташриқ айтилган бўлади.

Ташриқ такбирлари қуйидагича айтилади:

“Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу Валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Ва лиллаҳил ҳамд!”

Таржимаси: “Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир, барча мақтовлар У Зотга хосдир!”

Агар ўша намозлар қазо қилинса, унинг қазосини ташриқ кунларидан бошқа вақтларда ўқилса ҳам, ортидан такбир айтилади.

Бундан ташқари, юрган, ўтирган пайтларда такбир айтишнинг зарари йўқ, балки мустаҳаб амалдир.

Аёллар эса такбири ташриқни махфий айтадилар.

Намозга кечикиб қўшилган киши ҳам намозини тўлиқ ўқиб бўлганидан кейин такбири ташриқни айтади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.