15.03.2024 15:30

Таровеҳ билан таҳажжуднинг фарқи нимада?

Таровеҳ билан таҳажжуднинг фарқи

1) Таҳажжудни ўқишни Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримда кўрсатма берган (“Муззаммил” сураси, 2-3-оятлар). Таровеҳни эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида тавсия қилганлар (Бухорий, 1/37 ва 3/2007).

2) Таҳажжуд ўқиш Макка даврида ислом аввалидаёқ (Маккий суралар билан) шариатга киритилган, таровеҳ эса Мадинада Пайғамбаримиз алайҳисалом умрларининг охирги йилларида шариатга киритилган.

3) Таҳажжуд кечаси бир ухлаб тургандан сўнг то саҳарлик пайтигача ўқиладиган ихтиёрий нафл намоз (Табароний, 3/3216). Таҳажжуд йил ўн икки ой, яъни ҳар куни ўқилади. Унинг ози 2 ракъат, кўпи эса 12 ракъат. Таҳажжудни кечанинг охирида ўқилиши афзал ва у ўқилгандан кейин саҳарлик ейилади.

4) Таровеҳ эса фақат рамазонда, бир ойгина ўқилади. У  хуфтондан кейин то ухлагунча ўқиладиган суннат намоз. Таровеҳнинг ози 8 ракъат, кўпи 40 ракъат, ўртачаси 20 ракъатдир. Таровеҳни кечанинг аввалида ўқилиши афзал ва у ўқилгандан кейин ухлашга ётилади.

5) Таҳажжудни Аллоҳ таоло аввал бошдан ўзи фарз қилган, кейин мусулмонларга суннат нафл, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга эса мажбурий вожиб, кейин мажбурий нафл қилиб қолдирган (“Муззаммил” сураси, 20-оят; “Исро” сураси, 79-оят).

6) Таровеҳни эса аввалбошдан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари ихтиёрий равишда ўзларига мутлақ нафл қилиб бошлаганлар, у умматларига умумий ва кифоя суннат қилиб қолдирилган (Насоий, 4/2210; Ибн Можа, 1/1238).

7) Таҳажжудни ҳар ким ўзи ўқийди, уни жамоат бўлиб ўқилмайди, уни жамоат бўлиб ўқиш бидъат ва макруҳ бўлади. Таровеҳ эса аввалбошдан жамоат бўлиб ўқилади ҳамда жамоат бўлиб ўқилиши афзалроқ ва савоблироқ  ҳисобланади.

Витр билан таҳажжуднинг фарқи

1) Витр хуфтоннинг намозидир, у таҳажжуднинг намози эмас (Термизий, 1/452). У хуфтонга қўшимча қилинган, таҳажжудга эмас. Хуфтон 4 ракъат фарз, 2 ракъат суннат ва 3 ракъат витрдан иборат.

2) Таҳажжудни ўқишни Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримда кўрсатма берган (“Муззаммил” сураси, 2-3-оятлар). Витрни эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида тавсия қилганлар (Термизий, 1/453).

3) Витр вожиб намоздир (Абу Довуд, 1419), таҳажжуд эса нафл намоздир (“Исро” сураси, 79-оят). Витр мажбурий намоз, таҳажжуд ихтиёрий намоз. Яъни, витрни ўқимаса гуноҳкор бўлади, таҳажжудни ўқимаса гуноҳкор бўлмайди.

4) Витрни ўқимаса, уни саҳарликкача таҳажжуд ортидан бўлса-да ўқиб олинади. Агар витрни саҳарликкача ўқимаган бўлса, унинг қазосини ҳам албатта ўқиш вожиб бўлади (Термизий, 1/466; Ибн Можа, 1/1188). Таҳажжудни эса ўқимаса, қазоси асло ўқилмайди.

5) Витрни хуфтонда ухлашдан олдин ўқиш афзал бўлади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шунга васият қилганлар (Бухорий, 3/1981; Муслим, 1/721). Таҳажжуд эса бир ухлаб тургандан сўнг саҳарликкача ўқилади (Табароний, 3/3216).

6) Витрни бир кечада икки марта такрор ўқилмайди (Термизий, 1/470; Абу Довуд, 1/1439). Таҳажжудни эса бир кечада истаганча такрор ўқиш мумкин.

7) Витр намози рамазондан бошқа пайтлар ёлғиз ўқилади, жамоат бўлиб ўқилмайди. Рамазонда эса жамоат бўлиб ўқилади. Таҳажжуд эса ҳамиша – рамазонда ҳам, бошқа пайтларда ҳам ёлғиз ўқилади, жамоат бўлиб асло ўқилмайди.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.