05.06.2025 17:15
216

Қурбонлик сўйишда ниятнинг аҳамияти

Қурбонлик қиладиган киши ҳайвонни сўяр экан, зиммасидаги вожиб ибодат – қурбонликни адо этишни ният қилиш лозим. Чунки ниятсиз қурбонлик амалга ошмайди.


Инсон ҳайвонни сўйиш орқали гўштни қўлга киритади. Бу ишдан Аллоҳга қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш учун эса ният бўлиши шарт. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида шундай деганлар:


"Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади" (Бухорий ва Муслим ривояти).


“Ниятсиз кимсанинг амали бўлмайди, яхшилиги йўқ кимса учун ажр бўлмайди”, (Байҳақий ривояти).


Косоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “бу ерда назарда тутилган амал – қурбат ҳосил қилиш мумкин бўлган амалдир. Шундай экан, сўйилган ҳайвон ният билангина қурбонлик ҳисобланади”.


Шериклардан бирининг нияти қурбонлик бўлмаса-чи?


Ҳанафий мазҳаби уламолари айтадиларки, шериклик асосида сўйиш мумкин бўлган ҳайвонларда нияти қурбат ҳосил қилиш бўмаган кимсанинг шерик бўлиши жоиз эмас. Яъни, ҳайвон сўйишдан фақатгина гўшт олишни мақсад қилган кимса бошқаларнинг қурбонлигига шерик бўла олмайди.


Агар шериклар туя ёки молни қурбонлик қилмоқчи бўлишса-ю, улардан бирининг мақсади қурбонлик ибодатини амалга ошириш эмас, фақатгина гўшт олиш бўлса, унда барча шерикларнинг қурбонлиги бекор бўлади. Чунки қурбонлик ибодати қон оқизиш билан амалга ошади. Оқизиладиган қонни эса улуш сифатида айириб бўлмайди.


Ваҳба Зуҳайлийнинг "Ислом фиқҳи ва унинг далиллари" китоби асосида тайёрланди

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.