25.03.2024 15:26

Фидяга оид савол-жавоблар

Савол: фидя қанча миқдорда ва қандай адо этилади?

Жавоб: фидя Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига енгиллик қилиб юборилган ҳукмдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Рўза тутишга қодир бўлмаганлар зиммасига фидя тўлаш вожибдир».

Ҳар кунлик фидянинг миқдори фитр садақаси миқдоричадир, яъни буғдойдан ярим соъ – 1900 гр, арпа ва хурмодан бир соъдан – 3800 гр. ёки буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо қилинган бўлади.

Рўзадан ожиз қолганлар рўза тутмай, фидясини беришлари вожибдир. Рамазон ойининг аввалида бўлса ҳам, бир нечта фақирга бермай, бир фақирга берса ҳам. Фитр садақасига ўхшаб буғдойдан ярим соъ, хурмо ва арпадан бир соъ адо этилади.

Савол: Рамазон ойи фидясини ҳам фитр садақаси каби муддатдан аввал адо қилса бўладими?

Жавоб: Рамазон ойи фидясини Рамазон ойи кирмасидан аввал бериш жоиз эмас. Рамазон ойи киргач эса бўлаверади, яъни Рамазоннинг биринчи кунида қолган кунлар фидясини берса жоиз.

Савол: сурункали беморлар, заифлиги туфайли рўза тута олмаганлар касалликлари ва заифликлари сабабли бир неча йил рўза тута олмасалар, лекин фидя тўлаганларидан кейин соғайиб, қувватга киргач, рўза тута оладиган бўлиб қолсалар, нима қилишади?

Жавоб: бундай кишилар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, аввалги берган фидялари бекор бўлиб, гарчи бир неча йиллик бўлса ҳам фидяси берилган кунлар рўзасининг қазосини тутишлари вожиб бўлади.

Рўза тутишдан ожиз қолганлар қачон рўза тутишга қодир бўлишса, қазосини тутадилар. Зеро, фидя рўзанинг ўрнига ўтиши учун рўза тутишдан ожизлик умрининг охиригача давом этиши шартдир. Айни вақтда рўза тутишдан ожиз қолган ва келажакда рўза тута олишдан умиди узилган киши рўза тутмай, мискинларнинг қўлларига беради ёки чақириб таомлантиради.

Савол: фидяни адо этишда буғдой, хурмо, арпа билан тўлов адо этилиши фиқҳий китобларда келтирилган. Буларнинг ўрнига қийматини бериш билан ҳам фидя адо этилган бўладими?

Жавоб: қийматини берса ҳам фидя адо бўлади. Бу нарсаларда қийматни адо қилиш ҳам жоиз. Назр ва қул озод қилишдан бошқа каффоратда, закот, ушр, хирож ва фитр садақада қийматни бериш жоиз. Зиммасига бериш вожиб бўлган кундаги қиймат эътиборлидир.

Савол: рўзанинг фидяси кимларга берилади?

Жавоб: мискинларга, фақирларга, бева-бечораларга, ночорларга, закотга қодир бўлмаганларга берилади. Орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борларга, яъни ўзининг фарзандларига, фарзандининг фарзандларига, отасига, эрига, хотинига, бойларга, закотга қодир бўлганларга, закот бериш мумкин бўлмаганларга берилмайди.

Савол: қазо рўзаларнинг фидясини бир вақтда битта мискинга берса бўладими?

Жавоб: бир неча кунларнинг фидясини бир мискинга бир вақтда бериш мумкин. Лекин бу масалада турли хил қарашлар мавжуд бўлгани учун бир неча кунлик фидяни бир неча кишиларга берган афзал. Лекин бир мискинга бериб қўйган бўлса ҳам адо бўлаверади.

Қасам каффоратининг акси ўлароқ, бир неча кунлик намоз, рўза кабиларнинг фидяларини бирданига фақирлардан бирига бериш жоиз, чунки бунда бир кунда битта фақирга ярим соъдан ортиғини бериш жоиз бўлмайди.

Рўза тута олмаганлар барча фидясини бир кишига бирданига берса жоиз. Лекин қасамни бузганнинг, зиҳорнинг, рўзани очиб юборганнинг каффорати бундай эмас. Лекин Рамазон рўзасини қасддан бузган кишининг каффорат фидясининг олтмиш кунлигини бир кишига бир кунда бериб қўйиши мумкин эмас. Берган тақдирда бир кунлик каффорат фидясини бўйнидан соқит қилган бўлади, холос.

Бир мискинни эрталаб ва кечқурун, олтмиш кун тўйдирса ёхуд олтмиш кун фитр садақаси миқдорича қийматни адо қилса, жоиз бўлади. Ёки олтмиш мискинни эрталаб ва кечқурун бир кун тўйдирса ёхуд алоҳида-алоҳида фитр садақаси миқдорича қийматни адо қилса бўлади.

«Эрталаб ва кечқурун» деган қайддан мурод эрталаб олтмиш мискинни таомлантирсаю, кечқурун бошқа олтмиш мискинни таомлантирса фидя адо бўлган ҳисобланмайди. Токи эрталаб таомланганларга кечки таом ёки кечқурунгиларга нонушта қилиб бермагунича. Бир кишини эрталаб таомлантирсаю, кечқурун бошқани таомлантирса, ўша кунги фидя адо қилинмаган бўлади.

Қартайиб қолган кишилар (ёки сурункали касал бўлган беморлар) ва каффорат рўзасининг фидясини адо қилаётганнинг ўртасида фарқ бор, яъни улар (ёки сурункали касал бўлган беморлар) бир мискинга бир кунда фидяларини адо қилсалар бўлаверади.

Савол: қодир бўлатуриб намоз ўқимай ёки рўза тутмай фидясини адо этса, бўйнидан соқит бўладими?

Жавоб: динимизда бу амалларга қодир бўлатуриб фидясини тўлаш билан ўша амаллар бўйнидан соқит бўлмайди. Рўза тутишдан ожиз қолганлар рўза тутишга қодир бўлишса, қазосини тутадилар. Зеро, фидя рўзанинг ўрнига ўтиши учун рўза тутишдан ожизлик умрининг охиригача давом этиши шартдир.

"Мўминнинг қалқони" китобидан

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2024 / ҳижрий 1445 йилги Рамазон ойи учун фидя миқдори бўйича қабул қилган закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарорига кўра, фидя миқдори фитр садақаси сингари:

буғдойдан   – 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;

арпадан   – 20 000 (йигирма минг) сўм;

майиздан   – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;

хурмодан   – 180 000 (бир юз саксон минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб, ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фидя миқдорини ажратиши кифоя қилади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.