24.05.2025 08:30
157

“Мусулмон аёлнинг пардоз китоби" – Зийнатнинг турларга бўлиниши

Гўзалликка интилиш, чиройли кўринишга уриниш ва бунинг учун зийнатланиб, пардоз-андоз қилиш аёллар фитратига жойланган. Аммо ҳар бир ишда бўлганидек, бу борада ҳам динимизнинг кўрсатмалари, йўл-йўриқлари бор. Ислом илмларини олий даргоҳларда эгаллаган, кўп йиллардан бери диний соҳада хизмат қилаётган синглингиз Макнуна бу борадаги маълумотларни тўплаб, саралади ва сиз учун “Мусулмон аёлнинг пардоз китоби"ни ҳозирлади. 8-қисм – "Зийнатнинг турларга бўлиниши".

Зийнатнинг турларга бўлиниши

Чирой турларига қараб бир неча қисмга бўлинади: ўзидан келиб чиққан ҳолда аслий – туғма ва кейинчалик эга бўлинган чирой. Иккинчиси ҳукмга боғлиқлиги жиҳатидан мубоҳ ва ҳаром. Булар ҳақида батафсил ўрганиб чиқамиз.

Биринчи қисм

У иккига бўлинади: 

Халқий – яъни туғма гўзаллик. У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи кишида табиий равишда барпо қилган, бирор пардозсиз ҳам Ўзи гўзал ранглар ила безаган ҳусн. Яъни, Аллоҳ азза ва жалла инсонни энг гўзал шакл ва сувратда, қоматини келиштириб, аъзоларини ўзаро  мутаносиб қилиб яратди. Бу ҳам зийнатни ифодалайди.

Ўз ўрнида бу ҳам иккига бўлинади: ташқи ва ички табиий гўзаллик.

- Ташқи гўзалликнинг асоси  бу юз гўзаллиги бўлиб, инсон тузилишидаги асл ва умумлаштирувчи чиройни ифодалайди. Юз гўзаллигида инсонга манфаат ва уни танитадиган хоссалар мавжуд.

- Қад-қоматнинг келишган бўлиши. Бунга бўйнинг узун ёки калталиги, ориқ ёки тўла бўлиши киради.

- Чиройли овоз. Унга ширали ва майин бўлиши, қўпол ва дағал ёки ўртамиёна бўлиши киради.

- Икки кафт. Бу кишининг қўли баракали бўлиш-бўлмаслиги аломати ҳисобланади.

Махфий чирой.

Бу гўзаллик аёлнинг эри ва Қуръонда зикр этилган  маҳрамларидан бошқага кўрсатилмайдиган чиройидир. 
Бу махфий чиройнинг эрга кўрсатилиши сабаби – аёлдаги барча ҳусн-жамол ҳеч бир чегарасиз унга тегишлилигидан.

Эрга унинг бутун жисмига назар солиш,  ва ушлаш ва фойдаланиш ҳуқуқи берилган. Бу Қуръони каримнинг Бақара сураси 223-оятига мувофиқдир: “Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер”, деб марҳамат қилган.

Ояти каримада бошқа маҳрамларнинг ҳам аёлнинг ошкор ва яширин зийнатларига назар солиши мумкинлиги зикр қилинган. Бундаги хуфя зийнат деганда кўп ҳолларда аёлларнинг қаттиқ беркитмай, баъзан кўриниб қоладиган билак, бўйин, бош ва оёқларининг тўпиқдан пастки қисми назарда тутилган. Доимо бекитиб юрадиган кўкси, орқаси ва қорни бунга кирмайди.

Муктасаб гўзаллик, яъни воситалар ёрдамида чиройни зиёда қилиш.

У аёлнинг ўз табиий кўринишига қўшимча воситалар – кўркам либос, тақинчоқ ва пардоз воситалари ила зийнат бериши, янада чиройли кўринишга уринишидир.

Муктасаб чирой –  ўз кўринишини яна ҳам очадиган зийнат воситаларидан фойдаланишдир. У  ҳар бир юртнинг ва ҳар даврнинг ўз урфига, ҳожат ва талабига қараб, турлича бўлади.

Муктасаб чирой бир нечта кўринишда бўлиши мумкин:

1. Покизалик, озодалик зийнати. Бу инсон гўзаллиги асоси бўлиб қолган барча орттирилган гўзаллик мана шу поклик устига қурилган бўлади. Қуръони каримда ҳам покликка қизиқтирувчи ояти карималар нозил бўлган. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 222-оятда  "Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севадир», деб айт,” деб марҳамат қилади.

1.Шу жумладан, таҳорат ва ғусл ҳам маънавий зийнат ҳисобланиб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида муҳим аҳамиятга эгадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, умматим қиёмат куни  оёқ-қўлларида таҳорат изидан оқ қашқа каби ялтираган ҳолда тириладилар”, деб марҳамат қилганлар.

2. Инсонга зийнат бўладиган воситалардан яна бири– бу барча турдаги хушбўй моддалар бўлиб, уни эру аёл – барча яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини хушбўй бўлиб юришга чақирганлар. Пайғамбаримизга ўн йил хизмат қилган буюк саҳобий Анас розияллоҳу анҳу ҳам хушбўй нарсани рад этмас ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  хушбўйни қайтармас эдилар, деб айтар эдилар.

3. Кўркам либослар. У ҳам мустақил ҳолда бир алоҳида чирой воситаси бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръонда: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас”, деб марҳамат қилади. Ушбу ояти каримадаги “зийнат” сўзини муфассирлар кийим-кечак, деб тафсир қилганлар.

4. Икки қўл ва оёқ кафтларини ҳина ила бўяш ҳам аёлга хос зийнат ҳисобланади. Аллоҳ таоло уларни аёл учун махсус қилиб, эри ва маҳрамлари олдидагина кўрсатишини таъкидлади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини қўллари ҳинасиз бўлиб юришини ёқтирмас эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилан ҳадисда: “Албатта, яҳудий ва насоролар бўёқ ишлатмайди. Сизлар уларга хилоф қилинглар”, дейилади.

5. Зеб-зийнат ва тақинчоқлар ила ясаниш. Бармоқларга узук тақиш ҳам аёлларга хос ишлардан бўлиб, уларнинг ўз тақинчоқларини садақа қилишга қизиқтирадиган ҳадислар кўплаб ворид бўлган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тилла ва кумуш тақинчоқлари, жавоҳир узукларини олиб келиб беришар эди.

6. Икки кўзга сурма қўйиш. Бу нарса киприкларни парваришлаш ва Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодат турларидан биридир. Сурма инсониятга ибтидоий даврдан бери маълум бўлиб,  у билан даволанишган. Суннати шарифда сурма қўйишга доир чақириқлар кўп. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сурмаларингизнинг энг яхшиси исмиддир. У кўзни равшан қилиб, киприкни ўстиради”, деганлар.

7. Бугунги кунда аёллар юз, соч, қўл ва тананинг бошқа қисмлари учун ишлатадиган  пардоз-андоз воситалари.

Булар инсоннинг табиий кўринишига кўрк берадиган  баъзи воситалар ҳисобланади. Даврлар алмашиниши натижасида улар таркибига мавжуд ва янги моддалар киритилиб, кўриниш ва ҳолати ўзгариб туради.

Инсоннинг зийнатланиши аслида мубоҳ бўлса-да, унинг ҳолати ва воситалари турига кўра ҳаром бўлиш ўринлари ҳам бор. Қуйида биз мубоҳ ва ҳаром бўлган зийнат турлари ҳақида маълумот берамиз.

Давоми бор...

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.