“Садоқатсиз, лекин адолатпарвар”. Янги авлод ҳақида нималар маълум?
Гарчи 1997 -2012 йиллар оралиғида туғилган Z (Зет) авлод , дунёдаги ишчи кучининг асосий қисмини ташкил этса-да, тараққий этган давлатларда иш берувчилар бу авлодни ишга олишдан тийилмоқда. Ижтимоий сўровномаларга кўра, раҳбарларнинг бундай йўл тутишига бир неча омиллар сабаб бўлмоқда: уларнинг иш тажрибаси камлиги, касбий хатти-ҳаракатларидаги фарқи, иш жойини тез алмаштириш одати ва COVID19 пандемиясидан сўнг ушбу авлодга нисбатан хавотирлар шулар жумласидандир.
Касбий тажрибасининг камлиги
ResumeBuilder
маркази ўтказган ижтимоий сўровномага кўра, 80 %га яқин иш берувчилар Зет
авлоднинг тажрибаси камлигидан шикоят қилишган. Бунинг сабаби ушбу авлоднинг
катта қисми меҳнат бозорига пандемия вақтида ёки ундан сўнг кириб келганлигидадир.
Чунки улар бу даврда анъанавий иш муҳитида ўқитиш орқали касбий кўникмаларга
эга бўлиш учун етарли имкониятларга эга эмасдилар. Касбий тажрибанинг камлиги Зет
авлоднинг иш талабларига мослашишига тўсқинлик қилмоқда. Ривожланган дунёда бу
уларнинг катта малака талаб қилинадиган мансабларга тайинланишига халал беряпти.
Тез-тез
ишини алмаштириш одати
Иш
берувчиларни бу авлод вакилларининг тез-тез ишини ўзгартириши ҳам ташвишлантиради.
Қайд этилишича, ишга ёлловчиларнинг 63 фоизи Зет авлоднинг ишини арзимаган
баҳоналар билан ташлаб кетишидан нолишмоқда. Ушбу ҳолат маданий ва технологик
ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиб, бу олдинги авлодларга нисбатан ўртача ишда қолиш
муддати қисқартиришига олиб келади. Gallup консалтинг ва тадқиқот марказининг
маълум қилишича, Зет авлоднинг 60 фоизи, агар улар ўрганиш ва ўсиш учун
имкониятларини кўрмаса, иш жойига кўп ҳам садоқат намоён этишмайди. Ушбу хатти-ҳаракатлар
компанияларни янги авлодни ўқитишга ва ривожлантиришга кўпроқ маблағ сарфлашга
ундайди.
Нопрофессионал хатти-ҳаракатлари
Ҳисоботда
келтирилишича, Зет авлоднинг катталарга нисбатан устуворликлари ва
қадриятларидаги фарқ – иш ва шахсий ҳаётдаги мувозанатни сақлай олиши ва иш
жойида мослашувчанликни афзал кўриши ҳамдир.
Баъзи
тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Зет авлоди анъанавий иш шаклларига қарши туришга
мойил бўлишади ва улар ўз мақсадларига эришиш йўлида пиллапоя вазифасини
бажарувчи муҳитни қидиради. Ушбу янги қадриятлар баъзи ишга ёлловчилар томонидан номақбул хатти-ҳаракат
ёки талаб қилинадиган мажбуриятни бажармаслик сифатида талқин қилиниши мумкин.
Ёмон
иш этикаси ва масъулиятсизлик
Деярли
ҳар икки ишга қабул қилувчининг бирида Зет авлоднинг ишончлилиги ва касб
этикаси ҳақида шубҳа мавжуд. Кўпгина ширкат мудирлар Зет авлоди олдингилар,
мисол учун, Х авлод (1965-1980 орасида туғилган) ёки минг йиллик авлоди (1981-1996
йилларда туғилган) каби иш мажбуриятларига риоя қилмаслигидан нолийди. Баъзилар
буни технология таъсири ва қатъий касбий анъаналардан узоқлашиш билан боғлашади.
Сабаби Зет авлоди кўпроқ вазифасини осонроқ бажариш учун замонавий технологияларадан
фойдаланишади. Шунингдек авлодларнинг умидлари ва анъанавий иш муҳити ўртасида ҳам
тафовут бор.
COVID19
пандемиясининг салбий оқибатлари
COVID19
пандемиясининг таъсири туфайли Зет авлод учун бу қийинчиликлар янада кучайди.
Масофавий ишлашга ўтиш ва амалий машғулотларнинг йўқлиги уларнинг ишга жойлашиш
учун зарур бўлган асосий кўникмаларга эга бўлишини кечиктирди. Оқибатда
уларнинг касбий ютуқга эришиш имкониятлари пасайди.
ResumeBuilder
марказининг карьера бўйича бош маслаҳатчиси Стейси Халлернинг фикрича, бу
даврда кўпгина ширкатларда қўллаб-қувватлаш ва таълим беришга имкони йўқ эди. Бу
сабаблар Зет авлодни қийин вазиятга тушириб қўйди. Microsoft эса Зет авлод
вакилларининг 54 фоизи виртуал иш муҳитида ҳамкасблари ва бошқарувчилар билан
мулоқотда қийинчиликларга дуч келганини аниқлаган.
Экологик
ва ижтимоий муаммоларга эътибор қаратиш
Ижтимоий
ва атроф муҳитга оид масалаларга эътибор қаратиш баъзилар учун ижобий афзаллик
деб ҳисобланса, баъзи анъанавий иш бошқарувчилар томонидан бундай фаоллик
салбий қабул қилиниши мумкин. Карьера бўйича маслаҳатчи Браян Дрисколлнинг
таъкидлашича, ижтимоий масалаларга қизиқиши ортиб бораётган Зет авлодни
хушламаётган ширкатлар янги ва кенг
қамровли нуқтаи назарлардан маҳрум бўлиши мумкин. Зет авлодга нисбатан қанчалик
салбий фикрлар мавжуд бўлмасин, уларнинг хизматидан фойдаланмаслик компанияларни
технологик ютуқлар, атроф-муҳит ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга оид
ечимлардан бебаҳра қолдириши мумкин. Бу эса турли соҳаларда фаолият юритаётган
гуруҳларнинг узоқ муддатли бозор ўзгаришларига мослашиш қобилиятига салбий
таъсир кўрсатади.
Диний қарашлари
Ушбу
авлод вакиллари тобора ортиб бораётган интернетга қарамлик туфайли ўзларини
ёлғиз ҳис қилишади ва табиийки, улар тушкунликка тушиб қолишмоқда. Афсуски, бу
сўнгги йилларда дунёдаги қатор ривожланган мамлакатлар ёшлари орасида ўз жонига
қасд қилиш тенденциясининг кучайишида яққол намоён бўляпти. Шунинг учун ёш
авлод қалбига Исломнинг тасалли берувчи жиҳатлари орқали кўприк қуриш фойдали
бўлади: бу уларнинг ташвишларини енгиллаштиришга ва руҳий азобларини
камайтиришга ёрдам беради. Шу ўринда диний амалларни бажариш, зикр мажлислари,
Қуръон ўқиш ҳам ёшларни тушкунликдан халос этиши кузатилган.
Зет
авлоднинг бир қатор афзалликлари – атроф-муҳит ва унинг муҳофазасига бефарқ
эмаслиги, адолат ва тенгликни қадрлаши уларни Исломга қизиқтиришда ҳам муҳим
роль ўйнайди. Яратганга ишонч инсонлар учун энг асосий эҳтиёждир. Бу эҳтиёжни
қондира олмаган одамнинг ҳақиқий бахтга эришиши мумкин эмас. Замонавий ҳаёт
одамларда сунъий истакларни юзага келтирди ва уларни ҳақиқий эҳтиёжларни
унутишга мажбур қилди. Оқибатда инсоният ташвиш, депрессия ва ўз жонига қасд
қилиш каби фожиаларни бошдан кечирмоқда. Аслида, Аллоҳнинг биру борлигига
ишониш бандасининг ҳаёт қийинчиликларидан қутулиб, паноҳ топиши демакдир.
Афсуски,
бугунги кунда Зет авлоди исломий ҳақиқатларни англашда бир қатор
қийинчиликларга дуч келмоқда. Бунга жамиятда ўрнатилган динга қарши тартиб
қоидалар, ўз динига амал қилганларни "мутаассиб", "террорчи"
сифатида кўрсатиш, ижтимоий доиралар ва оммавий ахборот воситаларида Исломга
қарши пропаганданинг авж олгани сабаб бўляпти.
Бурса
Улудағ Университети (БУУ) тадқиқотларида келтирилишича, асосан исломофобия
илдиз отган жамиятларда яшовчи мусулмонлар диндор бўлишдан ёки шундай
кўринишдан қочади. Сўровномада иштирок этганларнинг фикрича, улар бундай
жамиятларда ўзларини динсиз ёки бошқача дунёқараш соҳиби сифатида кўрсатиш
орқали замонавий инсон деб қабул қилинишлари мумкин. Асл исломий кечинмаларини
ифода этиб, бирор тазйиққа учраши ёки масхара қилиниши ҳам турган гап.
Лекин Зет
авлодининг диндорлигини белгиловчи яна бир омил бу кийиниши ва ташқи
кўринишдир. Улар инсонни диндор деб ҳисоблаш учун у худди шундай қиёфада бўлиши
ёки бошқача айтганда, "ё аслинг каби кўрин ёки кўринганингдек бўл",
шиорини танлашади. Биз бу ҳолатни "кўринадиган диндорлик" деб
аташимиз мумкин. Бу мусулмон киши кийими ва ташқи кўриниши билан бошқалардан
ажралиб туришини ҳам англатади. Бироқ мазкур ҳолатни иккиюзламачилик ва
носамимийликка йўйиш хатоликдир.
Гарчи Зет
авлоди кўплаб таҳлилчилар томонидан "дунёвий авлод" сифатида
тавсифланса-да, БУУ тадқиқотлари шуни кўрсатдики, уларнинг катта қисми Аллоҳга,
пайғамбарларга ва охират кунига ишонишади. Айтиш мумкинки, Зет авлоди ҳаётда
индивидуалликка катта аҳамият беради. Жумладан, сўровнома иштирокчилари мутлақ
маънода бошқаларнинг танловини ҳурмат қилиш жоизлигини таъкидлашган.