21.11.2024 17:31
Илм-фан барча саволларимизга жавоб бера оладими?
Ақл тўлақонли ишонч ҳосил қилиши мумкин бўлган ҳар қандай нарса «илм-фан соябони» остидадир. Илм-фан кун сайин кенгайиб, курраи заминни ичкаридан ва ташқаридан, мағриб-у машриқ бўйлаб забт этмоқда. Ер юзи инсониятга торлик қилиб, у Аллоҳ қодир қилгунича коинот сир асрорларини ҳам ўрганишга муваффақ бўлмоқда.
Илмнинг кўплаб таърифлари мавжуд. Улардан энг кенг тарқалгани, ҳамда ҳақиқатга яқини «бирор нарсани далили билан борича қабул қилиш»дир. Яъни, инсон онгида мавжуд бўлган ташқи дунёдаги воқелик билан мос келувчи ҳар қандай тушунча тўғридан тўғри илм ҳисобланади. Тилшунослар таъкидлаганидек, илм-у маърифат калима ва маъно жиҳатидан бироз фарқ қилишига қарамай, бу борада уларнинг маънолари бир нуқтада ўзаро кесишади.
Аммо илм-фан ўзининг улкан тараққиёти ва ҳайратланарли ютуқларига қарамай, ҳамон ўз мақсадларидан ортда қолаётганини айтиш жоиз.
«Илм» сўзининг мазмуни – ўтган асрлар давомида ҳислар ва тажрибалар ёки турли кўринишдаги рационал мулоҳазалар ва унинг қисмлари (боғлиқлик ва қиёслашнинг аҳамияти) орқали ҳақиқатни ошкор қилган ва воқеликни ўз ҳолича кўрсатиб берган барча унсурларни ўз ичига олади.
Ақл ишонч ҳосил қила олган ҳар бир нарса (хоҳ ўтмишда бўлсин, хоҳ ҳозирги замонда) тегишли рационал метод орқали аниқлаштирилган тақдирда илм-фан доирасига киради.
«Илм-фан» сўзи ўзининг ушбу кенг ва эркин мазмунини унинг маъносини чеклаб, уфқини торайтириб, тажриба, сезги ва кузатувдан иборат биргина йўл билан чегаралаб қўйган Ренессанс давригача (XIV-XVI асрларда Европадаги бир қатор адабий-маданий ҳаракатлар) сақлаб келаётган эди. Ҳар ҳолда, фан деганда мен тиббиёт, физика, кимё, астрономия ва шу каби бир қатор экспериментал фанларни назарда тутяпман.
Энди бироз бошқачароқ савол туғилади: Тажрибавий фанлар ҳамма нарсани тушунтира оладими? Улар бунга қодирми?
Жавоб: Йўқ! Юқорида айтганимиздек, илм-фан, барча улкан тараққиётларига ва эришган милсиз ютуқларига қарамай, ҳали ҳамон ўз мақсадидан ортда қолмоқда ва бу чексиз оламни тўлақонли забт этишдан ожиз қоляпти. Аллоҳу Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
«Сизларга ниҳоятда оз илм берилган» («Исро» сураси, 85-оят).
Биз у орқали билим олган, ўрганган, таҳлил ва тадқиқ қилган, тажрибалар ўтказган ақл неъматининг ўзи Аллоҳу Таоло томонидан маълум чегаралар билан яратилган. У мазкур чегарагача етади ва ўша ерда тўхтайди. Инсон ақл орқали ҳар қандай ўзи истаган нарсани ҳам англай олмайди. Бунга эса табиий ўлароқ ақл эгалари эътироз билдиришмайди. Инсонда сезгилар чеклангани каби ақл ҳам чегараланган. Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
«Эй ақл дунёсига толиб бўлган киши, ақлнинг ортида у орқали очилмайдиган сир-синоатларни очадиган яна бир босқич бор, деб зинҳор ўйлама»...
«Менга эргашинглар, чунки менда Яратганнинг нуридан бир нур борки, у баракотлидир. У мени ўз йўлига ҳидоят қилади, тўғри йўлга бошлайди ва менга сизлар воқиф бўлмаган илмни берди. Унга борадиган йўлга эса фақатгина мен орқали бориш мумкин»...
Шайх Абдураҳмон Ҳасан Ҳабаннака «Атеистлар билан кураш» китобида Ғаззолийнинг сўзларини қуйидагича изоҳлайди:
«Ақл чегарасидан ташқаридаги нарсалар ақл учун жуда узоқ ва тасаввур қилишдан йироқ бўлиши мумкин. Чунки ақл маълум жойда чегараланган ва у чегарани ошиб ўтолмайди. Аммо ақл учун мутлақ равишда мумкин эмас, деб ҳукм қилинадиган нарсалар ҳам ақлнинг чегарасидан ташқарида бўла олмайди. Бу ерда инсон онги идрок эта олмайдиган нарсалар билан мутлақ рад ёки тасдиқ қиладиган нарсалари ўртасида катта фарқ бор. Ақл идрок эта олмайдиган нарсалар у ҳукм қила олмайдиган нарсалардир, лекин ақл мутлақ равишда тасдиқлайдиган ёки рад этадиган нарсалар эса умуман бошқа масала».
Демак, руҳнинг моҳияти, жаннат, дўзах ва охират, фаришталар ва жинлар каби шундай мавзулар борки, улар ҳақида ақл ҳам, илм-фан ҳам деярли ҳеч нарса дея олмайди. Мўъжизалар борасида ҳам, шунингдек, фазилат, гўзаллик, бахт-саодат каби мавзуларда ҳам, айниқса, ҳаётимиздаги «Мен нима учун яратилганман? Бу коинотдаги вазифам нима? Ўлимдан кейин қаерга бораман?» каби энг муҳим саволларга ҳам илм-фан бирор изоҳ ёки тушунтириш бера олмайди; қалбни ишонтирадиган, руҳни таскин этадиган аниқ бирор жавоб топа олмайди...
Бу ҳақиқатлар қаршисида илмнинг орзулари барбод бўлади, ақлнинг умидлари тугайди. Чунки бундай саволлар ақл ва илм-фан ҳукм қила оладиган нарсалардан эмас ва уларнинг доирасига кирмайди. Шундай вақтда эса бузғунчилар томонидан ҳеч қандай бузилиш ва таҳрибга учрамаган ҳақ дин саҳнага чиқади, у ақл ва илм-фан мўъжиза деб билаётган нарсага жавоб сифатида уларга шундай дейди: «Менга эргашинглар, чунки менда Яратганнинг нуридан бир нур борки, у баракотлидир. У мени ўз йўлига ҳидоят қилади, тўғри йўлга бошлайди ва менга сизлар воқиф бўлмаган илмни берди. Бу йўлга эса фақатгина мен орқали бориш мумкин»...
Инсон ақли ва илмий тадқиқот усулларининг ғайбий нарсалар (кўз билан кўринмайдиган ҳақиқатлар) ҳақидаги позициясини қуйидагича умумлаштириш мумкин:
1. Хабарнинг ишончлилигини аниқлаш ва унинг мазмуни ҳақиқийлигини текшириш;
2. Хабарларни текшириш қоидаларига асосланган ҳолда тўғрилиги тасдиқланмаган хабарларни қабул қилмаслик;
3. Қарама-қаршиликларни бирлаштириш ёки Аллоҳ Таолога шерик борлигини тасдиқлаш каби мантиқан имконсиз ва ақлнинг қатъий ҳукмларига зид бўлган фикрларни ва ғояларни рад этиш.
Шунингдек, илмнинг ўзи барча нарсани тушунтириш ва изоҳлаш учун ожизлик қилади. У агар яширин ҳақиқатларни кашф этмоқчи бўлса, албатта, йўл-йўриқ кўрсатадиган бир маёқдан фойдаланиши лозим. Бу нур сочувчи маёқ эса ҳақ диндир. Агар аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу дин – Ислом динидир.
Мазкур метод мусулмон олимлари томонидан учта илмий соҳа – ҳадис илми, жарҳ ва таъдил илми ҳамда таржимаи ҳол илми асосида ишлаб чиқилган «ривоят илми қоидалари» ёки «хабарнинг тўғрилиги ва ишончлилигини аниқлаш ва текшириш», деб ҳам аталади.
Илм-фаннинг қўли барча орзу қилган нарсаларига етиб бора олмаслиги ва диннинг илм устидан ҳукмронлиги борасидаги мазкур хулосамиз Рогер Триггнинг «Илм-фан барча нарсани изоҳлай оладими?» китобида ҳам қўллаб-қувватланади.
Муаллиф илм-фан ўзидан юқорироқ бирор кучга таяниши кераклигига қатъий ишонади ва бу кучдан – ғайб оламидан йўл-йўриқ олиш кераклигини таъкидлайди. У китобининг 9-саҳифасида шундай дейди:
«Дин, шубҳасиз, замонавий илм-фан ривожланган интеллектуал муҳитни таъминлашда тарихий роль ўйнаган. Бу, эҳтимол, илм-фан ва дин бир-бирига қарши бўлишига ишонувчи кишиларга ғалати туюлиши мумкин. Аммо Яратувчини ақлнинг манбаи ва дунёга хос бўлган мантиқий тузилманинг якуний изоҳи деб ҳисоблаш, илк қарашдаёқ ҳақиқатни қабул қилишга асосланган фойдали бир илмий алтернатив моделни тақдим этади».
Демак, ёлғиз илм-фаннинг ўзи барча нарсани изоҳлай олмайди, бунга ожизлик қилади. Ким яширин, ғойибона ҳақиқатларни кашф қилишни истаса, у албатта йўл кўрсатувчи маёқ – диндан, айниқса, Ислом динидан фойдаланмоғи даркор.
Башар Бакур, Малайзия Халқаро ислом университети ваҳий илми ва гуманитар фанлар факультети, фанлараро тадқиқотлар кафедраси профессори.