Uzbekistan Airways авиакомпанияси Ўзбекистон Мусулмонлари идораси билан биргаликда «Ҳаж-2024» дастури доирасида Саудия Арабистонига чартер йўловчи авиақатновларини амалга оширишни бошлайди. Бу ҳақда компания матбуот хизматига таяниб, Gazeta.uz хабар берди.

 23 майдан 7 июнгача «Ҳаж» дастури бўйича маросимларни бажариш истагида бўлган зиёратчилар Ўзбекистоннинг 10 та минтақавий халқаро аэропортидан, хусусан, Тошкент, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Термиз, Навоий, Нукус ва Урганч шаҳарларидан Мадина шаҳрига етказилади. Жиддадан Ўзбекистон шаҳарларига қайтувчи парвозлар эса 22 июндан 12 июлгача бажарилиши режалаштирилган.

 Авиакомпания ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, 2024 йилда 124 та чартер йўловчи парвозини амалга ошириш ва 15 минг 130 нафар зиёратчини ташиш режалаштирилган. Uzbekistan Airways`нинг «Ҳаж-2024» дастури доирасидаги барча авиақатновлари Boeing 767 ҳаво кемаларида амалга оширилади.

 «Таъкидлаш жоизки, республика аэропортларида рўйхатдан ўтиш вақтида йўловчилар иссиқ нонушта билан таъминланади. Парвоз давомида эса Ўзбекистон Мусулмонлари идораси талабларини инобатга олган ҳолда тайёрланган махсус таомлар тарқатилади», — дея қайд этган компания.

 Бундан ташқари, Ўзбекистондан Саудия Арабистонига зиёратчиларни олиб бориш даврида Uzbekistan Airways Sales филиалида кассирлар кечаю кундуз ишлайди.

 Аввалроқ Ўзбекистонда 2024 йилги Ҳаж мавсуми 23 майдан бошланиши хабар қилинган эди.

Мавзуга алоқадор