Туркия Исроил билан савдо алоқаларини тўхтатди. Бу ҳақда Bloomberg турк расмийларига таяниб хабар берди.

Туркия расмийларининг билдиришича, Анқара Исроилга барча импорт ва экспортни тўхтатган.

Агентлик маълумотларига кўра, Туркия расмийлари бу борада ҳозирча расмий баёнот бермаган.

Бироқ Туркиянинг Yeni Şafak нашри бу ҳақда қисқа хабар бериб ўтар экан, алоқалар кеча, пайшанба кунидан тўхтатилганини билдириб ўтди.

Анқара билан савдо алоқалари тўхтатилиши ҳақидаги маълумотни Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац тасдиқлади.

Кац Х ижтимоий тармоғида Туркия турк халқи ва бизнес вакилларининг манфаатлари, халқаро савдо келишувларини эътиборсиз қолдирган ҳолда қарор қилганини ёзди. Унинг сўзларига кўра, Исроил зудлик билан Туркия билан савдо қилиш учун муқобил йўл яратмоқчи, янги етказиб берувчилар топиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтиришни бошламоқчи.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Туркия Савдо вазирлиги Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва минтақага гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз келишини таъминлашни талаб қилиб, Исроилга 54 тоифадаги товарлар экспортини чеклаган эди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам Ғазо секторидаги тажовуз туфайли Исроил билан савдо айланмасини чеклашини маълум қилганди.

Мавзуга алоқадор