Мажлис депутати Мурат Абеновнинг айтишича, РФ Давлат Думаси вице-спикерининг сўзларини “ҳеч қандай ҳолатда ҳам икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларига мос деб бўлмайди”.

“Шубҳасиз, Россия ҳам, Қозоғистон ҳам мустақил ва демократик давлатлар бўлиб, у ерда ҳар ким ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Бу кўпинча турли хил провокаторлар томонидан қўлланилади. Ахир, ҳаммани кузатиб бўлмайди, - деб Абеновнинг сўзларидан иқтибос келтиради Tengrinews.

"Бундай шошқалоқ баёнотлар нафақат депутат томонидан, балки Давлат Думаси вице-спикери жаноб Толстой томонидан айтилса, мен буни мутлақо номақбул деб биламан", - дея қўшимча қилди Абенов.

Мурат Абенов россиялик ҳамкасбларини икки қўшни давлат дўстлигига эҳтиёт бўлишга чақириб, бундай баёнотларни «масъулиятсизлик» деб атади.

“Мен Россиянинг кўп миллатли халқи вакили бўлган россиялик ҳамкасбларимни икки қўшни давлатнинг дўстлиги ва ҳамкорлиги ҳақида қайғуришга чақирмоқчиман. Биз Қозоғистон-Россия дўстлигининг бундай масъулиятсиз баёнотлар туфайли издан чиқишини истамаймиз”, — деди Абенов.

Аввалроқ, РФ Давлат думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой “Комсомолская правда” газетасига берган интервьюсида Олмаота шаҳрини “бизнинг шаҳримиз” деб атаган ва қозоғистонликларни Россия империяси даврида шаҳар шундай ном билан аталганини «унутмасликка» чақирган эди.

“Қаранг, бугун Қозоғистонда маълум бир қозоқ давлатини қайта қуриш нуқтаи назаридан нима содир бўлмоқда. Мен уларнинг Олмаота Верний шаҳри эканлигини унутишларига қаршиман. Бизнинг, рус, казак қалъамиз, - деди Толстой.

Мавзуга алоқадор