Ўзбекларда бирдамлик қай даражада?
Бирлик, бирдамлик ғоялари асрлар оша инсоният ҳаётининг бир бўлаги бўлиб келган. Дунё тарихида ҳеч бир халқ йўқки, бирдамликсиз дунё саҳнасида ўз ўрнини эгаллаб, уюшган миллат сифатида шаклланмаган бўлса. Бугунги дунё воқелигида энг кўзга ташланадиган жиҳатлардан бири шуки, миллий бирдамликка эга бўлмаган ёки буни шакллантиришда бир қатор камчиликларга йўл қўйган миллатлар, халқлар давр шиддати ва мамлакатларнинг шафқатсиз кураши ичида йўқ бўлиб кетиши муқаррар. Ҳозирги мавзуда Ўзбекистонда миллий бирлик, бирдамлик қай даражада экани, унга бўлган фавқулодда зарурият ва уни қай тарзда шакллантириш — ечим излаш ҳақида сўз боради.
Инсонлар — ижтимоий мавжудот. Улар ўзаро уюшиш, бирлик,
биргаликсиз яшай олмаслигини тарих яхши кўрсатади. Файласуфларнинг таърифи
билан айтганда "ижтимоий махлуқ" саналган инсон жамиятни бирлик билан
шакллантиради.
Бугунги ўзбек халқида бирдамлик қай даражада?
Тарихан ўзбек халқи турфа хил ўтиш даврларини бошдан
кечирди. Бу вақт давомида унинг қони ўзгарди, тафаккури, дунёқараши, тили,
маданияти, ўзлиги турфа хил шаклларни қабул қилди, йиллар оша янгиланиб
бораверди. Сир эмас, миллатга янги қон билан ҳамоҳангликда янги ғоя ва ўзлик
ҳам кириб сингади. Миллатимиз бир неча бор ўзлик ўзгаришига учради. Булардан
энг асосийси даставвал ўн тўққизинчи аср иккинчи ярмидан бошлаб йигирманчи аср
бошигача, сўнгра ўтган асрнинг 20 йилларидан 90-йилларигача давом этган рус
мустамлакачилигининг аёвсиз фикрий тизгинларидир. Мустақилликдан кейинги қайта
шаклланиш ва бирлик томон ҳаракатлар табиий равишда юзага чиққан бўлса ҳам,
улар келтирган оқибатлар глобал миқёсдаги жараёнлар фонида бир хил натижаларни
— ё ўрнида депсинишни ёки янги шаклланган глобал воқелик ҳамда тоталитар,
ҳукмрон сиёсатнинг турфа хиллиги ортида турли йўналишларга бўлинишни келтириб
чиқарди.
Бирдамлик таснифлари
Миллий бирдамликни турли жиҳатлар бўйича таснифлаш, таҳлил
қилиш, очиб бериш ва таърифлаш мумкин бўлгани учун, даставвал уни классик илмий
услубда таснифлаб оламиз.
Машҳур француз файласуфи Эмил Дюркҳейм бирдамликни икки
турга — механик бирдамлик ҳамда органик бирдамликка ажратган. У механик
бирдамликни умумий ўзига хосликка асосланган бирдамлик сифатида белгилаган.
Ушбу умумий ўзига хослик алтруизмга йўл очади, яъни жамият аъзолари маълум
ахлоқ асосида бир бирига ёрдам қўлини чўзади. Ушбу турдаги бирдамлик анъанавий
жамиятни акс эттиради. Унда гуруҳ бир хил андоза ва меъёрлар асосида
ижтимоийлашган бўлиб, уни "биз" деган кучли туйғу бирлаштириб туради.
Органик бирдамлик, аксинча, аъзолар табақалашган,
тафовутлашган, лекин бир-бирига боғлиқ бўлган замонавий жамиятда пайдо бўлади.
Замонавий жамиятнинг ҳар хиллиги, ўз навбатида, умумий ўзига хослик ҳисси ва у
билан боғлиқ алтруизмни камайтиради. Бирдамлик учун туртки функционалдир: яъни
у бошқаларга ва жамиятга ёрдам бериш менинг манфаатларимга хизмат қилади",
деган тамойилга амал қилади.
Замонавий Европа жамияти органик бирдамлик типига мисол
бўлса, ўзбек жамияти механик бирдамликка мисол бўлади, лекин бу билан мазкур
тур ўзбек жамиятини тўла акс эттиради дейишдан йироқмиз, зеро бугунги миллат
ўзаро уюушишга асосо бўлувчи на ахлоқий ва на умумий, якдил манфаатларга эга
эмас.
Бугунги ўзбек жамияти ахборий, маданий, сиёсий, ижтимоий
жиҳатдан турли гуруҳларга, фирқаларга, "култ"ларга, оқимларга бўлиниб
кетган. Аслида бўлинишнинг қандайдир зарарли томонлари йўқ. Бироқ бунинг учун
бўлинишларнинг марказини қандайдир ғоя, миллий ўзлик бирлаштириб туриши керак.
Таассуфки, бизга етишмаётгани миллат сифатида жамият ичида бирдамлик ҳиссини
уйғотувчи ўзига хос миллий зеҳният. Диндор-динсиз, консерват-либерал,
ғарб-Россия баҳслари бундай бирдамлик юзага келишига тўсқинлик қилаётган бир
омил. Яна бири ҳукуматнинг оқсоқ сиёсати маҳсули ўлароқ иқтисодий беқарорлик
ҳамда нотенглик натижасида миллат вакилларининг дунёқарашида моддиятнинг
устунлик қилиши.
Маълум бир стандард ахлоқсиз миллатни "тарбияли",
ахлоқли ва принципли қилиб бўлмайди. Бунинг учун мувофиқ сиёсат юргизилмоғи —
умуман сайловларда, ҳукумат ва давлат ишларида, жамият ўртасидаги ўзаро
ижтимоий муносабатларда чинакам ҳалолликка эришилмоғи керак. Ғоялар
муштараклиги, фикрлар умумийлиги, бир мақсад, бир йўл остида бирлашиш каби
баландпарвоз нутқ ва ёзиқлардан наф йўқ. Машҳур мутафаккир Али Шариатий
таъкидлаганидек, умумий бирликка, бирдамликка эришиш учун аввало жамият сифатли
йўсинда тоифаларга бўлиниб, ўзаро ажралиб олиши лозим. Тартибсизлик албатта бир
кун келиб бирликка йўл очади.
Муйян жамият, миллат ўзи истаганидек бирликка эришуви учун
қуйидагилар талаб этилади:
• Ҳақиқий
бирдамлик. Бу инсонларнинг бир бирига ўзаро манфаат умумийлиги асосида эмас,
балки хайрихоҳлик, симпатия, меҳр-оқибат асосида кўмак бериши, муомала ва
муносабатда бўлиши.
• Таълимий
ва илмий бирдамлик. Таълим ва илмий бирдамлик деганда шахслар, жамоалар, жамият
ва давлат ўртасидаги умумий мажбурият тушунилади: барча одамларга таълим олиш
имкониятини бериш, ўқувчиларни билимга интилишга ундаш ва саводсизлик ва унинг
салбий оқибатларини бартараф этиш йўлида бирлашиш.
• Ҳимоявий
бирдамлик. Жамиятидаги ҳар бир шахс ўз жамияти, мамлакати ва миллатини ҳимоя
қилишга ҳисса қўшиши керак. Бундан
ташқари, улар адолатсизлик ва зулмга учраган одамларни ҳимоя қилиши зарур.
• Ахлоқий
бирдамлик. Бу миллатнинг қадриятлари ва ахлоқий тамойилларини ҳимоя қилиш,
жамиятни тартибсизлик, бузуқлик ва таназзулдан асраш мажбурият ва ҳуқуқини
билдиради. Бу тузатишдан кўра олдини олиш афзалдир, деган тушунчага асосланади,
яъни жамиятнинг кичик бир қисми ҳам коррупция ва бузуқликка дучор бўлиб қолса,
сўнг бу бузуқлик ва таназзул тарқалиб, бутун жамиятга таъсир қилиши мумкин ва
натижада жамиятни тузатиш ва ислоҳ қилиш имконсиз ёки энг камида қийин бўлиб
қолиши мумкин.
• Иқтисодий
бирдамлик. Иқтисодий бирдамлик иқтисодий ўзаро боғлиқлик тамойилига асосланган
бўлиб, ҳар бир инсон халқ бойлигини йўқолиш ва исрофдан сақлаш ва нархларни
манипуляция қилиш, битимлардаги фирибгарлик, монополия ва заифликдан фойдаланиш
каби зарарли тижорат ва иқтисодий фаолиятнинг олдини олиш устида ҳамкорлик қилиши
зарур.
• Ижтимоий
ҳамжиҳатлик. Бу турдаги бирдамлик жамиятда устувор аҳамиятга эга бўлиши, давлат
қонунларида ҳам жамият камбағал, касал ва муҳтожларга ғамхўрлик қилиш юкини ўз
зиммасига олиши учун қонуний белгилаб қўйилиши керак. Қуръонда айтилганидек:
"ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-эсирларга,
мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод
қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши ва
аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-энгил кунларда ва
жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилгувчилар яхши кишилардир" (Роҳман
сураси, 177-оят)
• Сиёсий
ҳамжиҳатлик. Сиёсий бирдамлик одамларнинг сиёсий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини ва
уларнинг сиёсий тартиб ва давлатни мувофиқ бошқарув тамойиллари асосида қуришда
масъулиятни баҳам кўришини таъминлайди.
• Жамоат
бирдамлиги. Жамоат бирдамлиги ўз масъулияти ва ваколати остида бўлган
кишиларнинг умумий манфаатини ифода этиш ваколатини назарда тутади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, "ҳаммангиз
валийсиз ва ўз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳукмдор ўз ҳукми остидаги
учун валий ва масъулдир; Эркак ўз оиласига васийдир; аёл эрининг уйида валий
бўлиб, унинг қарамоғидагиларга масъулдир; хизматкор Хўжайинининг мол-мулкига
қўриқчи ва унинг васийси учун масъулдир. Бас, сизлар ҳаммангиз валийсизлар ва
сизга тобе бўлганларга масъулсизлар" (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Савол туғилади. Ўзбек миллатидаги юқори бирдамлик
турларининг қайсилари бор-у, қайсилари йўқ? Ўзи умуман, назарий жиҳатдан тасниф
этилган мазкур турлар ҳақиқий, чинакам бирдамликка йўл оча оладими? Бунинг учун
бугунги воқеликка бир қур нигоҳ ташлаш ва таҳлил қилиш талаб этилиб, ижтимоий
соҳа вакилларидан чуқур илмий изланишлар олиб боришни тақозо қилади.
Ҳозирги пост-модерн даврда ижтимоий тармоқлар жамият
кайфияти, руҳияти ва ҳолатини акс эттирувчи инъикос бўлиб хизмат қилаётган бир
пайтда, уни жамиятни ҳақиқатдан ҳаракатга келтирувчи кучли инструмент — восита
деб ҳисоблаш мумкин. Бу — биринчи восита.
Иккинчидан, баъзи фаоллар бот бот таъкидлаб келаётганидек,
бирлик учун фикр майдонларини бино этувчи (восита ўлароқ) ижтимоий клублар
керак бизга. Ҳақиқий ва сифатли фикр албатта ўзаро фикрий ҳамжиҳатликка ва
мақсадлар муштараклигига йўл очиб, бора бора кишиларни вақт асносида етилиб
борадиган ғоя атрофида чамбарчас боғлаш, бирлаштириш кучига эга.
Яна бири — ягона тил воситасида жамланиш. Ўзбек тилига
эътибор турли хил баланд саҳнлардан жамиятнинг ўртасига олиб тушилиши, уни
жамиятнинг ҳақиқий интилишларини чинакам акс эттира оладиган, ифодалай оладиган
кучга эга эканлигини намоён этиш учун халқ бир ёқадан бош чиқариши зарур.
Мустамлакачилик тизгинларидан чиқиб кетиш осон кечмайди. Бунга тўғаноқ бўлиб
турган омиллар устида яхшилаб ишланса, уларнинг таши эмас, ичкариси, моҳияти
таҳлил қилиниб, ўрганилса,
бирдамликнинг сиёсий кўринишини бир қадар қуриш мумкин бўлади. Булардан огоҳлик
шакллангач, бирдамлик муаммосини ҳал этса бўлар, эҳтимол.
Муҳаммад Довуд Асадуллоҳ, Azon Global таҳлилчиси