Тожикистон ортидан Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларини Россияга сафарларини кечиктиришга чақирди. Бу ҳақда АКИpress хабар қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги сайтида маълум қилинишича, 2024 йил 2 май ҳолатига кўра, Қирғизистон фуқароларининг Қирғизистон дипломатик ваколатхонаси ва консуллик муассасаларига Россияга киришини оммавий равишда рад этиш ҳолатлари ҳақида ҳеч қандай сигнал келиб тушмаган.

Шу билан бирга, Қирғизистон ТИВ ва хорижий идоралар РФдаги мавжуд вазият ва унинг Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқий ҳолатига таъсирини кузатиб бораётгани маълум қилинди.

“Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги яна бир бор Россия Федерациясига киришга асосли сабаблари бўлмаган фуқароларга аввалроқ жорий этилган қўшимча хавфсизлик чоралари ҳамда давлат чегаралари орқали кучайтирилган ўтиш режими бекор қилингунга қадар унинг ҳудудига сафар қилишдан вақтинча тийилиб туришни, киришга зарурат туғилган тақдирда эса Россия Федерациясига киришга чекловлар мавжудлигини олдиндан текшириб олишни тавсия қилади”, — дейилади Қирғизистон ТИВ баёнотида.

Аввалроқ сўнгги кунларда россиялик чегарачилар аэропортлар ва ер усти ўтказиш пунктларида нафақат Тожикистон фуқаролари, балки Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган муҳожирларга ҳам Россия ҳудудига киришни оммавий равишда тақиқланаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикнинг айтишича, ушлаб турилганларнинг тўртдан бир қисмигина Тожикистон фуқаролари, ундан икки ҳисса кўпи — Ўзбекистондан келган муҳожирлар, қолганлари Қирғизистон вакиллари.

Мавзуга алоқадор