МАГАТЭ бош директори Рафаэл Гросси Ўзбекистонга ташриф буюриб, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор музокаралар ўтказади, деб хабар беради Podrobno.uz мухбири.

Ушбу масала 17 сентябрь куни Вена шаҳрида Гроссининг Ўзбекистон Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев билан учрашувида муҳокама қилинди. Ташрифнинг аниқ саналари ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас.

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Қайд этилишича, «Росатом» билан ҳамкорликда ва МАГАТЭ тавсияларига тўлиқ амал қилган ҳолда дастлабки ишлар аллақачон бошланган. Лойиҳага уч томонлама ёндашув халқаро хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини таъминлайди.

Музокаралар МАГАТЭ Бош конференциясининг 20 сентябргача давом этадиган 68-сессияси доирасида бўлиб ўтди. Сессияда «Ўзатом» раҳбари Ўзбекистоннинг атом энергетикаси соҳасида амалга оширилган ишлар ва режалари ҳақида тақдимот қилди.

«Ўзатом» раҳбарияти Франциянинг Framatome ва Assystem компаниялари, Хитой миллий ядро корпорацияси ва «Росатом» давлат корпорацияси вакиллари билан ҳам ишчи учрашувлар ўтказди. Томонлар ядровий фан ва технологиялар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1994 йилда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ)га аъзо бўлган.

Мавзуга алоқадор