Кобулда Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев Афғонистон бош вазирининг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Салам Ҳанафий билан учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда ижтимоий-иқтисодий масалалар, шунингдек, Катта ва Кичик Помирдаги афғон қирғизларининг аҳволи билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Суҳбатдошлар минтақа фаровонлигини ошириш жиҳатларини, жумладан, Афғонистон томони кўтарган ташаббусларни муҳокама қилдилар.

Абдул Салам Ҳанафий Помир минтақасидаги ҳаётни яхшилаш, жумладан, чекка ҳудудларда алоқа ва инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам берувчи уяли алоқа минораси ўрнатилишига қаратилган саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар сифатли тиббий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш ва маҳаллий аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири афғон томонининг минтақа олдида турган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш борасидаги ташаббусларини ижобий қайд этди.

Томонлар ҳар икки мамлакатда маҳаллий аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган асосий масалалар юзасидан конструктив мулоқотни давом эттиришдан умидвор эканликларини билдирдилар.

Мавзуга алоқадор