Транспорт вазирлиги

Ўзбекистон Афғонистон томони билан олиб борилган музокаралар натижасида ўзбек ҳайдовчиларидан мамлакат ҳудудида ундириладиган йиғим ва тўловлар миқдорини камайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Gazeta.uz Транспорт вазирлигига таяниб хабар бермоқда .

Унга кўра, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юк автомобилининг Афғонистон ҳудудига кириши учун йиғим 28 сентябрдан 3 минг афғонига (тахминан 53 доллар) туширилди. Бунгача бу 5 минг афғони (76 доллар) эди.

Шунингдек, Амударё кўпригидан ўтиш учун аввал 12 минг афғони (тахминан 182 доллар) миқдорида ундириладиган йиғим эндиликда 7 минг афғони (106 доллар) этиб белгиланди.

Ўзбек ҳайдовчиларидан мамлакат ҳудудида ундириладиган йиғимлар жами 6,5 минг афғони миқдорида (тахминан 99 доллар) камайтирилди.

Бугунги кунда Транспорт вазирлиги Трансафғон мультимодал транспорт йўлаги орқали юк ташувларига қулай шароитлар яратиш, ундириладиган йиғимлар миқдорини оптималлаштириш бўйича ишларни давом эттирмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга алоқадор