Россия ҳарбий телеграм каналлари жума куни Курск вилоятида ҳарбий карвоннинг мағлубияти ҳақида ёзди. 
Жума куни кечқурун Телеграм каналларида Курск вилоятидаги Рилск яқинида Россия ҳарбий карвонига берилган зарба оқибатлари акс этган видеолар пайдо бўлди. Бир кун аввал ҳарбий блогерлар Украина қуролли кучлари ушбу шаҳар йўналишида олдинга силжиши мумкинлиги ҳақида хабар беришганди.
Эълон қилинган кадрларда автомагистраль бўйлаб энг камида 15 та харбий техникадан иборат ёниб кетган рус ҳарбий юк машиналари карвонини кўриш мумкин.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳамда Украина томони колонна йўқ қилингани ҳақидаги хабарларга расман изоҳ бермади.
“Ҳарбий Информант” Телеграм канали 9 августга ўтар кечаси ҳарбий юк машиналари карвони HIMARS ракеталари ёрдамида ҳужумга учраганини даъво қилмоқда.
РФ Мудофаа вазирлиги аввалроқ Курск вилоятидаги жанговар худудларга БМ-21 "Град" реактив ялпи ўт очиш тизими, артиллерия қурилмалари, танклар, оғир занжирли техникалар, “Урал” ва “КамАЗ” русумли автомашиналардан иборат карвон жўнатилганини маълум қилганди.
Курск вилоятидаги жангларни шарҳлар экан, мудофаа вазирлиги армия Украина Қуролли кучларининг босқинига уринишларини қайтаришда давом этаётганини яна бир бор таъкидлади. Чоршанба куни Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов Россия президенти Владимир Путинга Россия қўшинлари ҳужумни тўхтатиб, Украина Қуролли кучларини чегарага сиқиб чиқараётгани ҳақида хабар берган эди, бироқ ижтимоий тармоқлардаги постлар ва видеолар Россия ҳали ҳам ушбц мақсадга эришиш учун курашаётганини кўрсатмоқда.
BBC тасвирларни ўрганиб, карвонга Октябрское қишлоғи яқинида, энг яқин чегара пунктидан 35 километр узоқликда ҳужум қилинганини билдирди.
Мустақил тадқиқотчилар видеода ҳалокатга учраган 14 та юк машинасини санашди, уларнинг баъзиларининг орқа қисмида ҳалок бўлган аскарларнинг жасадлари кўриниб турарди. Ҳалок бўлганларнинг аниқ сони номаълум.
Тахминларга кўра, зарба HIMARS ракета тизимидан амалга оширилган. Аскарлар зирҳли машиналарда эмас, балки оддий чодирли "Урал" ва "Камаз" юк машиналарида кетаётгани сабабли, уларнинг тирик қолиш имконияти кам бўлган.
Нима бўлган тақдирда ҳам, баъзи уруш блогерлари жанговар ҳудудда аскарларни шундай зич карвонда ташиш буйруғини берган қўмондонларни ҳарбий судга топширишни талаб қилмоқда.
Тармоқларда Украина Қуролли Кучлари қуроллари душманнинг муҳим нишонлари жойлашуви ҳақидаги маълумотларга жуда тез тез реакцияга киришиши ҳақида кўп гапирилмоқда. Украина разведкачи учувчисиз учоқлари доимий равишда ҳавода бўлиб, маълумот узатиш, зарба бериш тўғрисида қарор қабул қилиш, ракеталарни учириш ва уларга яқинлашиш бир неча сонияларни олади.

Мавзуга алоқадор