Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳанияга уюштирилган суиқасд Исроил бош вазири Беньямин Нетаняхунинг кун тартибида асирлар алмашинуви мавзуси асосий ўрин тутмаслигини кўрсатди, деб ёзади Исроилнинг Haaretz газетаси.

Ҳанияга суиқасд уюштириш билан бир вақтда Байрутда Ҳизбуллоҳ қўмондонларидан бирининг ўлдирилиши ҳақидаги хабарлар, шунингдек, Исроил армиясининг ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти – Иззиддин Ал-Қассам бригадаси раҳбари Муҳаммад ал-Дайфнинг ўлдирилгани ҳақидаги баёнотлари минтақада янги тартибсизликларни келтириб чиқарди, дейилади исроиллик журналист Амос Харел мақоласида.

Исроил Эрон ва Ҳизбуллоҳ ҳаракати томонидан эҳтимолий жавоб зарбасига тайёрланмоқда, дея қайд этади мақола муаллифи.

Минтақадаги ҳозирги воқеаларни ҳисобга олсак, Тел-Авив маъмурияти ва ҲАМАС ўртасида асирларни алмашиш бўйича келишувга эришиш имконияти деярли нолга тенг, дейилади матнда.

Мақолада таъкидланишича, эҳтимолий ҳужумлар "бир неча кун" давом этиши мумкин ва Исроил қарши ҳужум билан жавоб бериши кутилмоқда.

Нашр Ҳаниянинг ўлдирилиши Исроил ва ҲАМАС ўртасида асирларни алмашиш бўйича билвосита музокаралар давом этаётган даврда содир бўлганига эътибор қаратади.

"Бош вазир Беньямин Нетаняхунинг ўз режалари борлиги ва маҳбусларни уйга қайтариш унинг энг муҳим дастури эмаслиги аниқ", дейилади матнда.

Муаллифнинг таъкидлашича, Нетаняху "икки томонлама" ҳаракат қилмоқда.

Ўтган ҳафта Исроил бош вазири Қўшма Штатлардаги маҳбусларнинг оилаларига музокараларда ўсиш борлигини айтди, бироқ бу баёнотдан кўп ўтмай у келишувга тўсқинлик қиладиган янги шартларни эълон қилди, дея қўшимча қилди газета.

Мавзуга алоқадор