Испания Вазирлар кенгаши Фаластинни мустақил давлат сифатида расман тан олиш қарорини маъқуллади. Бу ҳақда қироллик Вазирлар кенгаши йиғилиши якунлари бўйича ҳукумат расмий вакили ва таълим вазири Пилар Алегрия маълум қилди. "Бу тарихий қарор бўлиб, ягона мақсад тинчликни таъминлаш", деди у.

Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес, ўз навбатида, бу қадамни "бурилиш нуқтаси" ва Яқин Шарқда "тинчликка эришишнинг ягона йўли" деб атади.

Унинг таъкидлашича, Фаластин муаммосини ҳал қилишда икки давлат қарорига муқобил йўқ. Вазир яқин кунларда Словения ҳам Фаластин мустақиллигини тан олишини маълум қилди.

Бугун эрталаб Испания бош вазири Педро Санчес Фаластин давлатини тан олиш нафақат “Фаластин халқининг қонуний талабларини бажариш учун тарихий адолатни амалга ошириш”, балки Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш йўлидаги қадам эканлигини айтди.

Бош вазир Шарқий Қуддус мустақил Фаластин пойтахтига айланиши, Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳил ягона Фаластин миллий ҳукумати назорати остида бўлиши кераклигини таъкидлади. Санчес, шунингдек, Ғазо ва Ғарбий Соҳилни боғлайдиган коридорга эҳтиёж борлигига ишора қилди.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, Мадрид 1967 йилдаги чегараларга томонлар келишилмаган ўзгаришларни тан олмайди.

Норвегия ва Ирландия ҳам Фаластинни расман тан олгани ҳақида маълум қилди.

Мавзуга алоқадор