АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий контингенти сони сўнгги 20 йил ичида – сионистлар ҳомийси Ироққа бостириб кирганидан бери энг юқори даражага етди. Бу ҳақда TRT телеканали хабар берди.

Қайд этилишича, АҚШ президенти Жо Байден 7 июнь куни Конгрессга Вашингтон Ҳошимийлар қироллиги бошқаруви остидаги Иорданияга 3813 аскарини жойлаштирганини айтди – бу декабрь ойига нисбатан қарийб 20 фоизга кўп.

Расмий маълумотларга кўра, АҚШнинг Иорданиядаги қўшинлари  сонининг кўпайиши Исроилнинг Ғазодаги қирғини фонида юз бермоқда, бу ўз-ўзидан мамлакатни АҚШ ва Эрон ўртасидаги тўқнашувлар нуқтасига айлантириши мумкин.

Мисол учун, январь ойида Ироқдан келган Эрон тарафдорлари учувчисиз самолётининг Иорданиядаги Tower 22 Америка ҳарбий базасига ҳужуми натижасида учта америкалик аскар ҳалок бўлган ва камида 40 киши жароҳат олган эди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўша пайтда яқин Шарқ камида 1973 йилдан бери энг "хавфли" нуқтага айланиб бораётгани ҳақида жар солганди.

Бунга жавобан АҚШ Ироқ ва Суриядаги 85 та объектга зарба берди – улар Эрон тарафдорлари ва Эрон инқилобий гвардиясига тегишли экани айтилган.

Бундан ташқари Иордания Буюк Британия, Франция ва АҚШ билан биргаликда Эроннинг Исроилга қарата отилган снарядларини уриб туширишга ёрдам берганида ҳам жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлган эди.

Шунингдек, Иордания Мисрдан кейин Исроил билан тинчлик шартномасини имзолаган иккинчи давлат бўлди. Қироллик узоқ вақтдан бери АҚШ учун ИШИДга қарши курашиш ва минтақадаги манфаатларни таъминлаш учун барқарор трамплин вазифасини бажарган. Муваффақ-Салти авиабазаси Америка дронлари ва қирувчи самолётлари учун қароргоҳ ҳисобланади.

Иорданияда камида 3000 нафар америкалик ҳарбий хизмат қилади ҳамда улар мамлакатнинг кўплаб ҳарбий объектларига "тўсиқсиз кириш" имконига эга.

Мавзуга алоқадор