Эрон жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон вилоятида номаълум шахслар томонидан уюштирилган қуролли ҳужум натижасида 9 киши ҳалок бўлдиҚурбонларнинг барчаси хориж фуқаролари.

Эроннинг Mehr ахборот агентлиги хабарига кўра, Покистон билан чегарадаги Серавон ҳудудидаги уйлардан бирига қуролланган шахслар ҳужум қилган.

Ҳозирча ҳеч ким ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ. Хабарда бошқа маълумотлар келтирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Эрон Покистоннинг Балужистон вилоятидаги бир қатор объектларга ракета зарбалари берди ва ҳужум нишони Жайш ал-Адл гуруҳи эканини айтди. Покистон расмийлари ҳужумда икки бола ҳалок бўлган, яна уч қиз яраланганини маълум қилди.

18 январь куни эса Покистон Эроннинг Систон ва Балужистон вилояти Саравон шаҳри яқинидаги қишлоққа ракета ва учувчисиз самолётлар билан зарба бериб, балуж сепаратист гуруҳлари – Балужистон озодлик армияси ва Балужистон озодлик фронтига ҳужум уюштираётганини эълон қилди.

Маълумот учун, Покистоннинг Балужистон вилоятида Покистондаги бешинчи йирик этник гуруҳ бўлмиш балужларнинг қатор айирмачи ташкилотлари бир неча ўн йиллардан бери фаолият юритиб келмоқда. Балужлар учга бўлинган халқ: уларнинг аксарияти, яъни 7 миллионга яқини Покистонда, 2 миллионга яқини Эронда, ярим миллиондан ортиғи Афғонистонда яшайди.

Мавзуга алоқадор