Эрон шанба куни камида 12 кишининг ҳаётига зомин бўлган Голан тепаликларига ракета ҳужуми уюштирилиши ортидан Исроил Ливанга нисбатан “яна бир авантюризм” тайёрлаётганидан огоҳлантирди.

Исроил босиб олинган Голан тепаликларидаги Маждал-Шамс шаҳридаги футбол майдонига ракета ҳужумида Ливаннинг Ҳизбуллоҳ гуруҳини айбламоқда.

"Разведкамиз маълумотлари аниқ. Ҳизбуллоҳ Маждал-Шамсдаги бегуноҳ болаларнинг ўлдирилиши учун жавобгардир", – деди шанба куни Исроил ҳарбий воизи Даниэл Ҳагарий.

Бироқ Ҳизбуллоҳ ҳужумдаги ҳар қандай ролини "қатъий рад этди".

Якшанба кунги баёнотида Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канъоний “Ҳизбуллоҳ” ҳужумда ҳеч қандай рол ўйнамаганини таъкидлаб, Исроилни 7 октябрдан бери Ғазо секторидаги жиноятларидан “жамоатчилик фикри ва жаҳон эътиборини чалғитмоқчи”ликда айблади.

У Исроилнинг Маждал-Шамсга қилинган ҳужум ҳақидаги даъволарини "ўйлаб топилган сценарий" деб атади ва Тел-Авивнинг "бу воқеани ҳукм қилиш ёки изоҳ беришга маънавий ҳуқуқи йўқлигини" қўшимча қилди.

Канъоний халқаро ҳамжамиятни, хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашини “тажовузкор сионистик режим авантуризмига қарши Ливан ҳамда минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлашга” чақирди.

У Исроилнинг ҳар қандай "аҳмоқона ҳаракатлари" "минтақадаги беқарорлик, ишончсизлик ва уруш алангасига йўл очиши" мумкинлигини таъкидлаб, уларнинг оқибатлари учун жавобгарлик Исроил зиммасига юкланишини айтди.

Шунингдек, АҚШ ҳукуматини "глобал тинчлик ва хавфсизлик учун халқаро ва маънавий масъулиятни бажаришга", Исроилни Ғазо ва бошқа жойларда уруш алангасини ёқишига йўл қўймасликка чақирди.

Шанба кунги ҳужумдан кейин Исроил бош вазири Беньямин Нетаняхунинг идораси у АҚШга сафарини қисқартириб, “имкон қадар тезроқ” қайтишга қарор қилганини маълум қилди.

Мавзуга алоқадор