Дунёда ҳалол мол гўшти экспорти бўйича етакчи бўлган Бразилия мусулмон сайёҳларни жалб қилишга интилмоқда ва бунинг учун қатор чора-тадбирлар кўрмоқда. Бу ҳақда Arab News хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда мусулмон давлатларидан Бразилияга келаётган сайёҳлар улуши жуда кам. 2023 йилда Сан-Паулуга араб давлатларидан атиги 21500 сайёҳ ташриф буюрган.

Сан-Паулу штати расмийлари мусулмон сайёҳлар учун жозибадорликни оширишдан манфаатдор эканини таъкидламоқда, дейилади хабарда.

“Биз мусулмонлар учун қулай туристик қўлланма ишлаб чиқдик, унда минтақадаги масжидлар, мусулмонлар консулликлари ва туристик диққатга сазовор жойлар ҳақида маълумотлар мавжуд, - деган туризм бўйича давлат координатори Ана Клементе.

Ҳалол маҳсулот ва хизматлар бўйича тренинглар таклиф қилувчи Халқаро Ҳалол Академияси бош котиби Али Загбининг Arab News нашрига маълум қилишича, Сан-Паулу штати ҳам, Бразилия пойтахти Бразилия жойлашган Федерал округ ҳам мусулмонлар учун қулай сайёҳлик масканига айланиш учун ҳаракат қилмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, Сан-Паулу аҳолиси хилма-хил бўлиб, жумладан, кўп асрлик мусулмон жамоаси ва бир нечта масжидлар мавжуд. “Бу Бразилиянинг асосий дарвозаси ва Ислом оламидан келган ишбилармонлар учун энг муҳим жой”, ‑ деди у.

Бугунги кунда АҚШ, Европа, Чили ва Аргентинадан сайёҳлар ҳар йили Сан-Паулуга келадиган меҳмонларнинг асосий қисмини ташкил қилади.

"Аммо Сан-Паулу маъмурий маркази ва қишлоқ ҳудудларида мусулмон сайёҳлар учун бир нечта диққатга сазовор жойлар мавжуд", - дея қўшимча қилди у.

Дастур ишга туширилгандан бери Сан-Паулу шаҳридаги етакчи меҳмонхоналардан бири мусулмонларга мувофиқлик сертификатини олди, яна иккита меҳмонхона бу борада ишламоқда.

"Керакли тузатишлар унчалик мураккаб эмас, лекин баъзи тафсилотлар муҳим, масалан, хоналарга қибла стикерларини қўшиш, мусулмон меҳмонлар учун хоналардан спиртли ичимликларни олиб ташлаш ва барча чўчқа гўштини менюдаги бошқа маҳсулотлардан ажратиш каби", деб тушунтирди Згби.

Ҳаммомларга таҳорат олиш учун душ шлангларини ўрнатиш, жойнамозлар тарқатиш, Қуръони Карим нусхаларини тарқатиш ҳам муҳим чора-тадбирлардан, деди у.

“Асосий вазифа – меҳмонни ўзини уйидагидек ҳис қилиш. Биз фарқларни билишимиз ва бу одамлар кимлигини ва уларнинг эҳтиёжларини тушунишимиз керак”, - деди Загби.

Мавзуга алоқадор