Европада исломофобияга қарши жамоавий ташкилотнинг (CCIE) йиллик ҳисоботига кўра, 2023 йилда Францияда исломофобия ҳолатлари сони 57 фоизга ошиб, мамлакат бўйлаб 828 та ҳодиса қайд этилган.

Жабрланганларнинг 81,5 фоизини ташкил қилувчи аёллар исломофобиядан биринчи бўлиб азият чекмоқда, дейилади ҳисоботда.

Қайд этиш жоизки, Францияда исломофобия сўнгги йилларда тобора кенг тарқалмоқда. Мамлакат Европадаги исломофобиянинг ўзига хос «байроқдори»га айланди. Бундан ташқари, Бешинчи Республика Европа қитъасидаги энг кўп мусулмон аҳолисига эга давлат ҳисобланади. Францияда содир бўлаётган ижтимоий-маданий ва сиёсий ўзгаришлар исломофобиянинг ривожланиши учун замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Юқори ишсизлик, ижтимоий тенгсизлик ва жамиятнинг айрим қатламлари ўртасидаги норозилик каби ички муаммолар тарафкашликни келтириб чиқариши мумкин. Бундай шароитда исломофобия кўпинча умумий ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг ифодасига айланади. Социологик тадқиқотлар натижалари ва статистик маълумотлар француз жамиятининг турли жабҳаларида исломофобия мавжудлигидан далолат беради. Иш жойидаги камситишлар, мусулмонларнинг ибодат жойлари ва масжидлари қурилишидан норозилик, кўчаларда нохуш ҳолатлар кўпайган.

Мавзуга алоқадор