2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида Туркиянинг жаҳон савдодаги улуши 1,06 фоизга етди, дея маълум қилди Туркия савдо вазири Омер Болат, дея хабар бермоқда TRT.

“Жаҳон Савдо Ташкилоти томонидан эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 9 ойида экспортимиз 253,3 млрд долларга ўсди. Туркиянинг улуши кўрсатилган даврда жаҳон савдосининг 1,06 фоизини ташкил этиб, рекордни янгилади. 2022 йил якунларига кўра, мамлакатимизнинг жаҳон экспортидаги улуши 1,02 фоизни ташкил этди”, — деб ёзди вазир Х (собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғида. 

Октябрь ойида эса Туркия экспорти 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 7,4 фоизга ўсиб, бутун тарихи давомидаги рекорд даража – 22,9 млрд долларни ташкил этди.

Маълумотларга кўра, Туркиянинг 2022 йилдаги жами экспорти 254 млрд долларни ташкил этди. Мамлакат ҳукумати 2028 йилгача экспорт ҳажмини 400 млрд долларга етказишни режалаштирган.

Аввалроқ, декабрь ойи охирида мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған Туркия Марказий банкининг валюта захиралари рекорд даражадаги 145,4 млрд долларга етганини хабар қилганди.

Мавзуга алоқадор