2021 йилда Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг Толибон ҳукумати томонидан наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва тарқатилишига қарши кураш кампанияси кўкнори етиштиришнинг 95 фоизга қисқаришига олиб келди, дея хабар беради БМТ.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг “Афғонистондаги афюн муаммоси: Толибоннинг наркотикларга қарши уруши” номли ҳисоботида ҳаракатнинг гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга қарши кураш, фойдаланувчиларни ҳибсга олиш, экинларни йўқ қилиш ва бозорларни ёпиш ҳаракатлари қайд этилган. Ҳисоботга кўра, кампания дастлаб секин кечган бўлса-да, кўп ўтмай шиддатлашган.

Ҳокимиятга келган ҳаракат ишни гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларни ҳибсга олиш, асрлар давомида кўкнор етиштириб келган фермерларни огоҳлантириш каби оддий мақсадлардан бошлаган. Юмшоқ чоралар самарасиз бўлгач, ҳукумат деҳқонларга қарши туриш ва уларнинг ҳосилини йўқ қилиш учун хавфсизлик кучларини юборган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Афғонистон ҳукуматининг янги тақиқи 7 миллионга яқин одамга, айниқса, халқаро санкцияларга учраган иқтисодиётда бошқа иш топа олмайдиган камбағал ишчилар ва қишлоқ аёлларига таъсир қилади. Наркофермерлар ҳар йили тахминан 1,3 миллиард доллар йўқотади, бу 2023 йилда Афғонистон ялпи ички маҳсулотининг 8 фоизини ташкил қилади. Иқтисодий зарба Толибоннинг фуқароларга муқобил даромад манбаларини тақдим этиш имконияти чеклангани билан янада кучайди.

Гарчи кўплаб фермерлар ғалла ва пахта етиштиришга ўтган бўлса-да, улар ҳали ҳам қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Бошқа томондан, тақиқ жорий қилинганидан кейин йирик савдогарлар ва йирик ер эгалари ўз захираларини қимматроқ нархларда сотиш орқали бойиб кетишди, дея қўшимча қилади БМТ экспертлари.

Мамлакат ҳукумати аграр соҳани ривожлантириш борасида ирригация лойиҳалари, омборхоналар ва йўллар яратиш учун маблағ етишмаслиги каби жиддий муаммоларга ҳам дуч келмоқда. Ҳисоботда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш ва иш ўринларини яратиш учун халқаро ёрдам зарурлиги таъкидланган.

Шу муносабат билан, тақиқ келажаги ноаниқлигича қолмоқда. Айрим экспертларнинг фикрича, иқтисодий босим Толибонни ундан фойдаланишни юмшатишга мажбур қилиши мумкин. Ҳисоботда, шунингдек, ҳаракат ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Афғонистон жаҳондаги наркотик моддаларнинг 75 фоизини ишлаб чиқарганини эслатади.

Мавзуга алоқадор